Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Трансафғон йўлаги жуда муҳим ва истиқболли лойиҳа
19:45 / 2025-07-31

Ўзбекистон Форс кўрфази араб давлатлари, Жануби-шарқий Осиё ва Африка мамлакатлари билан савдо алоқаларида асосан Эрон портларига суянади. Бироқ сўнгги геосиёсий воқеалар ягона транспорт йўлагига тобеликнинг нақадар хавфли эканини яққол кўрсатди. Шу боис, Ўзбекистон ўзининг жанубий йўналишдаги транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва янада ривожлантириш мақсадида Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда.

Мазкур лойиҳа Марказий Осиё учун Покистоннинг Гвадар ва Қосим денгиз портларига муқобил чиқиш имконини беради. 

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов билан  суҳбатимиз ҳам Трансафғон темир йўли йўналишининг Хитой – Покистон иқтисодий йўлаги (CPEC) ва Покистоннинг темир йўл тармоқлари билан боғланиш масалалари, Покистон томонидан Марказий Осиё юкларини жалб этиш бўйича имтиёзлар, Афғонистон ҳудудида транзит хавфсизлигини таъминлаш чоралари ҳамда Ўзбекистон юк ташувчилари учун ягона электрон транзит декларация тизими (“яшил йўлак”)ни жорий этиш режаларига бағишланди.

– Гвадар ва Қосим денгиз портларининг Марказий Осиё “денгиз дарвозаси” сифатидаги аҳамияти ва Трансафғон темир йўли бу стратегияни амалга оширишда қандай роль ўйнаши масаласига тўхталсангиз?

– Аввало, Покистоннинг ушбу икки порти ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Порт-Қосим – Покистоннинг энг йирик ҳамда биринчи фойдаланишга топширилган (1980 йил) портларидан бири ҳисобланади. У махсус юк турларини юклаб туширишга мўлжалланган замонавий техникалар билан жиҳозланган.

Гвадар порти эса Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуслари доирасида Покистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликда барпо этилган порт ҳисобланади. Бу ерда 2015 йилда қурилиш ишлари бошланган.

Ҳозирда Ўзбекистон Форс кўрфази араб давлатлари, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳамда Африка мамлакатлари билан савдо алоқалари учун асосан Эрон портларидан фойдаланиб келмоқда. Аммо сўнгги вақтларда Яқин Шарқда юз бераётган воқеалар бизга фақатгина битта транспорт йўлагига боғланиб қолиб бўлмаслигини яққол кўрсатмоқда. Айни шу мақсадда жанубий йўналишдаги транспорт йўлакларини диверсификациялаш ҳамда янада ривожлантириш учун Ўзбекистон Трансафғон лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. 

– “Термиз – Наибобод – Майдоншаҳр – Логар – Харлачи” йўналиши портларга узлуксиз мультимодаль транзитни таъминлаш учун CPEC коридори ва Покистоннинг мавжуд темир йўл тармоқлари билан қандай боғланади?

– Юқорида таъкидлаганимдек, CPEC (China-Pakistan Economic Corridor) - Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги ҳисобланиб, Хитой ва Покистонни Каракурум довони орқали тўғридан-тўғри боғловчи транспорт йўлаги саналади. Ушбу йўлакнинг узунлиги 3 минг километрни ташкил этади. Йўлак Хитойнинг Яқин Шарқдан келувчи энергия ресурсларини ташишда Малакка бўғозига бўлган қарамликни камайтириш мақсадида ташкил этилган. Ушбу йўлак Хитойнинг Шинжон провинциясидан бошланиб, Гвадар портигача давом этади.Маълумки, Покистоннинг асосий темир йўл линияси Пешовар - Карачи йўналиши ҳисобланади. Порт Қосим барча транспорт турлари билан жуда яхши интеграция қилинган. У тўғридан-тўғри миллий автомагистраль, Афғонистонга олиб борувчи автомобиль йўллари тармоғи ва CPEC йўналишларига уланади. Порт шунингдек, миллий темир йўл тармоғига 14 километр темир йўл линияси ва махсус темир йўл станцияси орқали уланган. Гвадар порти эса ҳали асосий темир йўл тармоғига интеграция қилинмаган, бироқ, у CPEC йўлаги ҳамда Афғонистонга олиб чиқувчи автомагистралларга боғланган.

“Термиз – Наибобод – Майдоншаҳр – Логар – Харлачи” яъни Трансафғон йўналиши Покистоннинг асосий темир йўл тармоғига уланиши режа қилинган. Бу эса ушбу йўналиш орқали Покистоннинг энг йирик портлари ҳисобланган Карачи ва Қосим портларига темир йўл орқали боришга имконият яратади. CPEC йўлаги гарчи Покистон ва Хитой ўртасидаги энг кичик масофага эга йўлак ҳисоблансада Каракурум довонидан фақат автомобилда юк ташиш имконияти мавжуд. Бу  ўз-ўзидан Покистондан Хитойга нефть ва бошқа энергия ресурсларини катта миқдорда ташиб бўлмаслигини англатади. 

Трансафғон йўлаги эса Хитой ва Покистонни темир йўл орқали узвий боғлаш имконини яратади. “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлининг қурилиш ишлари бошланиши ҳам бу жараённинг амалга ошиш эҳтимолини оширади. “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” ҳамда Трансафғон темир йўл линиялари қурилиши орқали Хитой ва Жанубий Осиё мамлакатлари темир йўл орқали энг қисқа масофада (4097 км) боғланишига эришилади.

– Покистон Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан кўпроқ юкларни жалб қилиш учун порт тўловларини камайтириш, темир йўлда имтиёзли тарифлар ёки солиқ енгилликларини кўриб чиқиши мумкинми?

– Гвадар порти ҳозирда ўзига Марказий Осиё, Хитой ҳамда араб давлатларидан инвесторларни ҳамкорликка чорламоқда. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакиллари ҳам Гвадар портида бўлиб у ердаги имкониятлар билан яқиндан танишган. Бугунги кунда Трансафғон лойиҳасини амалга ошириш бўйича покистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда жуда яхши ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 17 июль куни Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг биринчи уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” Трансафғон темир йўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланди. Трансафғон темир йўл линияси ишга тушганидан сўнг темир йўл ташишларига тарифлар белгиланади. 

– Афғонистон ҳудудида инфратузилма ва юкларни эҳтимолий таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон ва Афғонистон томонлари билан қандай қўшма чора-тадбирлар кўзда тутилган?

– Афғонистон бўйлаб ташишларни ривожлантириш мақсадида Толибон расмийлари билан доимий алоқалар ўрнатилган бўлиб, бугунги кунда жуда яхши ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Кўплаб ташувчиларимиз Афғонистон ҳудуди бўйлаб ташишларни амалга ошириб келмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида уч томонлама “Қўшма ҳаракатлар режаси” ишлаб чиқилмоқда. Ушбу режада айрим Покистон компаниялари Афғонистон бўйлаб ташишларда суғурта ишларини ўз зиммасига олишга тайёрлигини маълум қилди.

Шунингдек, Қўшма ҳаракатлар режаси “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари” транспорт йўлагини янада ривожлантириш, Трансафғон йўлаги бўйлаб транспорт-логистика марказлари барпо этиш чораларини кўриш ҳамда йўналиш иштирокчилари, миллий ва йирик хорижий транспорт-логистика компаниялари ҳамкорлигида B2B ва B2G учрашувларини ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби ташаббусларни ўз ичига олади. 

– Сизнингча, Покистон Ўзбекистон юк жўнатувчилари учун ягона электрон транзит декларациялаш тизими ва “яшил йўлак”ни жорий этишга тайёрми? 

– Покистон ва афғонистонлик ҳамкасбларимиз билан бўлиб ўтган охирги учрашувларда уч томонлама Транзит битими ишлаб чиқишга келишиб олинди. Ушбу битимда уч томонлама ташишларни соддалаштириш бўйича бир қатор масалаларни келишиш режалаштирилган.

ЎзА мухбири Абдуазиз Хидиров суҳбатлашди.