Испаниянинг Памплона шаҳрида трамполин бўйича турли ёш тоифаларида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Жумладан, U14 ёш тоифасида батутда машқ бажаришда Сардор Муҳаммадиев яккалик баҳсларида кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, жуфтликлар ўртасида Ҳусниддин Раҳмониддинов билан биргаликда шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди. 11 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги батут бўйича жуфтлик беллашувларида Жаҳонгир Баҳодиров ва Элшодбек Мамаюсупов тандеми бронза медалига эга чиқди.
Шунингдек, Жамшидбек Раҳимов акробатик йўналишда 12 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги яккалик беллашувларида бронза медалини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида трамполин бўйича ўтган жаҳон кубогининг биринчи босқичида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Миршоҳид Ҳасанбоев ҳамда Фарангиз Рўзиева микст дастурида кумуш медаль билан тақдирланган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА