Қатарнинг “Al Jazeera” телеканали Трампнинг тинчлик режасини босқичма-босқич амалга ошириш ифодаланган ҳужжатни қўлга киритгани ҳақида хабар тарқатди. Қайд этилишича, гаровга олинганлар 13 октябрь куни эрталаб соат 6:00 га қадар озод қилинади. ҲАМАС шартни оммавий маросимсиз, оммавий ахборот воситалари иштирокисиз бажариши лозим.
Қутқариладиган асирлар худди аввалгилари сингари Қизил Хоч ташкилотига топширилади ва Исроилга етказилади.
Миср делегацияси Қизил Хоч ҳамроҳлигида Исроил қамоқхоналарига бориб, айирбошлаш орқали озод этилган фаластинлик маҳбусларнинг исм-шарифини текширади.
Гаровга олинганлар озод этилгач, дарҳол Ғазо секторига гуманитар ёрдам етиб кела бошлайди. Ҳар куни камида 600 юк машинасида озиқ-овқат, шунингдек ёнилғи ва газ сиғимлари олиб келинади. Ғазонинг Миср билан чегарадош Рафоҳ ўтиш жойи ҳар икки йўналишда ҳам очиқ туриши талаб қилинган. Дастлаб озиқ-овқат ва дори-дармон, кейин уй-жой билан боғлиқ бошқа заруратга устувор аҳамият берилади.
Иккинчи босқичда анклав инфратузилмаси тикланади. Вайрон бўлган ҳудудларни тозалайдиган техникани жойлаштириш, электр станциясини ишга тушириш, ёнилғи таъминоти механизмини ишлаб чиқиш, шунингдек сув ва канализация тармоғини таъмирлаш, касалхона, новвойхона ва йўлларни тузатиш назарда тутилган.
С.Раҳимов, ЎзА