АҚШ Президенти раислигида ўтказилган Тинчлик кенгаши биринчи йиғилишида сўзга чиққан Дональд Трамп кенг кўламли глобал масалаларга батафсил тўхталди. Хусусан, Ғазо секторидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш, Эрон билан музокара ва халқаро муносабатларга урғу берди.
Трамп мазкур кенгашни ўз маъмуриятининг энг йирик ютуқларидан бири, шунингдек дунё бўйлаб бир неча қуролли можарони тугатиш воситаси, деб эълон қилди.
Америка раҳбари мунтазам дипломатия ва кўплаб мамлакатлар саъй-ҳаракати туфайли Ғазодаги уруш тугаганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҲАМАС қуролларини топшириш ва келишув шартларини бажаришга ваъда берган.
Президент гуруҳ зиммасидаги мажбуриятни бажаришига ишонч билдирди ва акс ҳолат кучли жавобга учрашини қўшимча қилди.
АҚШ етакчиси Эрон билан тинчлик музокараси ҳам жуда муҳимлигини таъкидлади.
– Самарали мулоқот олиб бориляпти, – деди у. – Вашингтон Теҳрон билан “мазмунли келишув”га эришиши керак. Акс ҳолда “ёмон оқибат” келиб чиқади. Музокара давом этяпти, 10 кун ичида келишувга эриша оламизми ёки йўқми, аниқ бўлади. Эрон ядро қуролига эга бўла олмайди, Қўшма Штатлар буни жуда аниқ англатди.
Оқ уй раҳбари тилга олган муҳим ютуқлардан яна бири Озарбайжон ва Арманистон можароси ҳал қилинишидир. Таъкидланишича, зиддият 30 йил давом этганига қарамай, “ҳамма нарса ҳал қилинган”.
Президент ушбу жараёнда иштирок этгани учун ҳар икки томонга миннатдорлик билдираркан, “Икки жуда муҳим давлат ўртасида тинчлик бор ва мен буни ҳеч қачон унутмайман”, дея таъкидлади.
Трамп баъзи Европа мамлакатларининг танқидларига қарамай, Венгрия Бош вазири Виктор Орбанни “тўлиқ ва шаксиз” қўллаб-қувватлашини билдирди. Унинг айтишича, Орбан бошқа мамлакатлар сиёсатидан ажралиб турадиган, “миграция бўйича ажойиб иш” қилган.
Америка раҳбари Ғазони тиклаш учун мислсиз молиявий сармоя киритилишини эълон қилди.
– Тўққиз давлат жами 7 миллиард доллардан кўп маблағ ажратди, – деди Трамп. – АҚШ бу жараённи қўллаб-қувватлаш учун Тинчлик кенгашига 10 миллиард доллар ўтказади.
Шунингдек, у Индонезия, Марокаш, Албания, Косово, Қозоғистон, Миср ва Иордания секторда шакллантириладиган Халқаро барқарорлаштириш кучларига қўшин ва полиция юбориши, Фаластин полициясини ўқитишда ёрдам беришини ҳам таъкидлади.
С.Раҳимов, ЎзА