Американинг узоқ масофага учадиган “Tomahawk” ракеталари Киевга берилиши эҳтимоли Президент Дональд Трамп Украинадаги можарони кучайтириш йўлидан бораётганидан далолат, деб ёзди “The Washington Post” газетаси.
– Агар Трамп Украинага “Tomahawk” сотиб олиш учун яшил чироқ ёқса, ушбу қуролдан фойдаланишга қандай чеклов қўйилишига қараб, Вашингтоннинг урушга нисбатан сиёсатида сезиларли ўзгариш юз берганини билдириши мумкин, – дейилган мақолада.
– АҚШ раҳбари шу пайтгача Россия – Украина зиддиятига барҳам бериш ва Россия билан муносабатни меъёрига келтиришга интилиб, аввалига икки томонни ўт очишни тўхтатишга рози бўлишга чақирди. Сўнгра Аляскада Президент Владимир Путин билан учрашди. АҚШ маъмурияти Украинага “Tomahawk” сотадими ё йўқми, ҳали номаълум. Гарчи, Трамп душанба куни, деярли, бир қарорга келингани, фақат Киев қуролдан қандай фойдаланишини билиш қолганини айтган бўлса-да.
Кремль аввалроқ воқеалар ривожи бундай тус олишига жавобан, бундай ракеталар ядровий қувватга эгалиги боис, энди қарама-қаршилик янада жиддийлашиши мумкинлигини таъкидлаганди.
“Telegraph” нашри ёзишича, Владимир Зеленский сентябрь ўрталарида АҚШ Президенти билан учрашувда Америкадан “Tomahawk” сўраган.
С.Раҳимов, ЎзА