АҚШда сиёсий майдонни ларзага келтирган воқеа юз берди: Нью-Йорк бош прокурори Летиция Жеймс банк фирибгарлиги айблови билан федерал бош судья томонидан айбланмоқда. У 2023 йил Дональд Трампга қарши очилган фуқаровий фирибгарлик ишини юритган амалдор сифатида танилган.
Айблов ҳужжатига кўра, Жеймс Виржиния штати Норфолк шаҳридаги ипотекали уй хариди чоғи молия муассасасига ёлғон маълумот берган. Прокурор иддаосича, у уйни “хусусий иккинчи турар-жой” сифатида расмийлаштирган, аслида ижарага берган.
Летиция жараённи “сиёсий қасос” деб атаб, мамлакат раҳбарини “адлия тизимидан шахсий манфаати йўлида фойдаланиш”ла айблади.
– Вазифамни бажарганим учун Президент мени жазоламоқчи, айблов асоссиз, — деган у баёнотида.

Ишни яқинда Адлия вазирлигининг махсус прокурори этиб тайинланган Трампнинг собиқ шахсий адвокати Линдси Халлиган юритмоқда. Халлиганнинг сўзларига кўра, “ҳеч ким қонундан устун эмас” ва бу иш “халқ ишончига нисбатан жиддий хиёнат”ни кўрсатади.
Жеймс 24 октябрь куни Норфолк федерал судида илк бор ҳакам қаршисига чиқади. У айбдор деб топилса, ҳар бир модда бўйича 30 йилгача қамоқ ва 1 миллион долларгача жарима билан жазоланиши мумкин.
Бу воқеа АҚШда сиёсий рақобат ва адлия тизими аро чегарани яна бир бор муҳокама марказига олиб чиқди. Нью-Йорк губернатори Кети Хочул ҳодисани “адлия тизимини қуроллантириш” деб атади.
Летиция Жеймс Трампга қарши ишни “қонун устуворлигини ҳимоя қилувчи” фаолият сифатида ҳимоя қилиб, шундай деди:
– Мен ортга чекинмайман. Ҳеч ким, ҳатто Президент ҳам қонундан устун эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА