Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Трамп учун қимматга тушаётган суд жараёни
12:23 / 2024-06-01

Яқинда Трамп компанияси унинг хусусий самолётини ўн миллион долларга сотди, чунки АҚШ собиқ президентига нисбатан олиб борилаётган суд жараёни ҳаддан зиёд маблағ талаб қилмоқда, дейилган “Daily Beast” тарқатган хабарда.

– Жорий йил ярим миллиард доллар жарима тўлаш тўғрисида суд қарори чиққандан кейин Дональд Трамп компанияси май ойида унинг шахсий самолётларидан бирини савдога чиқарди, – деб ёзди мазкур нашр.

Учоқ харидори эронлик магнат, республикачи номзодга ҳомийлик қиладиган Меҳрдода Муайдий экани ҳам айтилган.

Аввалроқ “Блумберг” агентлиги сайлов олди кампанияси молиявий ҳужжати ҳақидаги маълумотга таяниб, собиқ Президентнинг чўнтаги бўшаб бораётгани ҳақида ёзган эди. Таъкидланишича, Трамп суд харажатини ҳозир ҳомийлардан маблағ йиғиш билан шуғулланаётган “Save America”  қўмитаси ҳисобидан молиялаштирмоқда.

“Financial Times” эса 2023 йил январдан буён суд жараёни учун сайлов олди кампанияси хайрия қилган маблағнинг тўртдан бир қисми, яъни 76 миллион доллари сарфлаб бўлинганини маълум қилди.

Февраль ойида суд “Trump Organization” компанияси активини баҳолашда фирибгарлик аломатини топди ва Трампга 355 миллион доллар тўлаб қўйиш мажбуриятини юклади. Жами жарима суммаси эса фоизи билан 454 миллион долларга етди. Бу ҳам етмагандек, айбдорга уч йил мобайнида Нью-Йоркда бирор корпорацияда директор ёки ходим бўлиб ишлаш тақиқланди. Қолаверса, ушбу муддатда у штатда рўйхатдан ўтган молия институтларига кредит сўраб мурожаат ҳам қилолмайди. Кутилганидек, Трамп суд қарорига қарши апелляция берган.

Собиқ давлат раҳбарига қўйилган яна бир айб исботланган: CНН  телеканали прокурор Жошуа Стеингласс Нью-Йорк суди ҳакамлар ҳайъатига АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп актрисага пул тўлаб, сайлов қонунчилигини бузганликда айбдор деб билишини айтган.

Якуний хулосада сайлов қонунини бузиш, фактни яшириш ёки қонун бузилишига шароит яратиб бериш айби исботлангани келтирилган. “Ўзаро тил бириктирилиш ҳолати бор”, деган прокурор.

Хуллас, қатор нашрлар Трампнинг аҳволи яхши эмаслигини ёзмоқда. Ахир, унга қарши нақ 34 айб қўйилган! Агар бу фаразлар исботланса, ҳукм 136 йиллик қамоқ жазоси бўлиши мумкин. Собиқ етакчи эса айбдор эмаслиги, унга қарши иш очишга асос йўқлигини таъкидлаб келмоқда. Республикачи номзоднинг фикрича, сиёсий мақсад кўзланган мазкур ҳаракатлар унинг мамлакат раҳбарлиги учун курашга қўшилишиши билан боғлиқ, холос.

Дональд Трамп шу йил кузга белгиланган президент сайловига республикачилар партиясидан номзодини кўрсатган. Унинг асосий рақиби амалдаги президент, демократлар вакили Жо Байден ҳисобланади.

Сўнгги пайт бир-бирининг обрўсини туширишга уриниш, ўзаро камситиш, масхара қилиш авжига чиқаётганига қараганда, кураш кутилганидан ҳам кескин ва қизғин ўтишига шубҳа йўқ. Гап шундаки, Дональд Трамп ғалаба қозона олмаса, нафақат қайта сайланиш орзусидан маҳрум бўлиши, балки суд харажати туфайли “тешик тоғора” билан қолиши, боз устига, озодликдан маҳрум бўлиш хавфи билан юзма-юз қолиши мумкин. Мабодо сайловда ҳам ютиб, айбдорлиги ҳам исботланса, президентлик ҳуқуқидан фойдаланиши ва ўзини ўзи авф этиши мумкин. Жо Байден ғалабага эришса, Трампни авф этармикан? Фақат шу савол очиқ қолмоқда.

Байден учун ҳам бу кураш жуда муҳим, чунки ютқазса, рақиби кўргилиги учун ўч олишга тушади. Буни амалдаги президент ҳам, унинг салафлари ҳам яхши тушуниб турибди. Шу маънода баҳс икки томон учун ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланган.

Энг сўнгги хабарларга қараганда, Нью-Йорк суди ҳакамлар ҳайъати Дональд Трампни беҳаё фильмлар актрисаси Сторми Дэниэльсга ўзаро алоқани яшириш учун тилини тийиб юриши эвазига пул бергани муносабати билан бизнес ёзувини сохталаштириш бўйича биринчи жиноий ишда айбдор, деб топди. “РИА Новости” мухбири ёзишича, сиёсатчи 34 банд бўйича айбланган. Ҳакам Хуан Мерчан узил-кесил ҳукм 11 июль куни соат 10:00 да чиқарилишини билдирди. Албатта, Трамп суд ҳайъати қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга, лекин натижа ўзи учун салбий бўлишини ич-ичидан ҳис қилаётган бўлса, ажабмас. Суднинг якуний қароридан ҳафсаласи пир бўлган собиқ Президент ўзини сиёсий маҳбус, деб эълон қилиб, охиригача курашишини таъкидлаган. Дарвоқе, мазкур воқеалар унинг президентликка номзодини қўйишига тўсиқ бўлолмайди. Бинобарин, нажот кузда ўтадиган сайлов натижасига қолган.

Америка маъмурияти вакили Иан Самс ҳакамлар ҳайъати чиқарган ҳукмни шарҳларкан, Оқ уй “қонун устуворлигини ҳурмат қилади”, деди ва бошқа изоҳ бермади. Яъни, расмий доира ўзини жараённи вазминлик билан кузатиб бораётгандек кўрсатмоқда. Аслида, суд қарорига ҳеч ким бефарқ эмаслиги аниқ.

Саидмурод Раҳимов,

ЎзА шарҳловчиси