АҚШ Президенти Дональд Трамп куни кеча журналистлар билан учрашувда Вашингтон хорижий давлатларга янги мажбурият ҳақида билдиришнома юборишини маълум қилди.
— Биз турли мамлакатларга хат жўнатишни бошлаймиз, — деган Америка етакчиси. — Эртага 10-12 мамлакатга жўнатамиз, яқин кунларда — менимча 9 июлгача ҳамма давлат қамраб олинади. 10, 40, 60 ва 70 фоизлик бож 1 августдан кучга киради. Бу жуда муҳим, Америка учун жуда катта пул.
Бинобарин, Оқ уй раҳбари қайси давлатлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмаган.
Бир кун аввал молия вазири Скотт Бессент ҳамкорларга мурожаат қилиб, музокарани кечиктирмасликдан огоҳлантирди. Акс ҳолда импорт божи 2 апрелдаги даражага қайтиши мумкинлигини эслатди.
Трамп Оқ уйга қайтгач, савдо сиёсатини қатъийлаштира бошлади. Хусусан, Мексика ва Канада импортига янги тариф тартиби жорий этилди, Хитой учун ҳам бож оширилди: пўлат, алюминий ва автомобилларга нисбатан.
Тариф сиёсатига доир ҳақиқий янгилик 2 апрелда эълон қилинди. Вашингтон мамлакатларга алоҳида бож белгилаб, асосий ставкани ўн фоизда қолдирди. 57 мамлакатга юқори ставка қўйилди. Бир ҳафта ўтгач, тариф оширилиши тўхтади ва Қўшма Штатлар кўплаб савдо ҳамкорлари билан музокара бошлади.
Америка Таъминотни бошқариш институти маълумотига кўра, бундай савдо сиёсати Қўшма Штатларда саноат фаоллигини пасайтиради, таъминот занжирида жиддий узилиш келтириб чиқаради.
Бизнес омон қолиш учун ўзи ҳаракат қилиши лозим, чунки компаниялар харажат ўсишини ўз маблағи ҳисобидан қоплашга мажбур бўлади. Шу билан бирга, бозорлар Трампнинг кескин баёнотларини тобора кўпроқ эътиборсиз қолдирмоқда. Зеро, Америка етакчиси аввал ҳам инвесторларнинг кескин муносабатидан кейин чорани бир неча бор юмшатган.
NBC телеканали номи ошкор этилмаган юқори лавозимли манбага таяниб хабар беришича, АҚШ молия ва савдо котиблари облигация бозоридаги ваҳима туфайли Президентни тарифни тўхтатиб туришга ундаган. Шунингдек, расмийлар Трампнинг қарори янги глобал молиявий инқироз келтириб чиқаришидан хавотир билдирмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА