Трамп тарафдорлари ярим йил ичида 51 миллион доллар тўплади
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни қўллаб қувватлаётган сиёсий қўмита ўтган йилнинг 1 июлидан то 31 декабригача 51 миллион доллар миқдорида хайр-эҳсон тўплади, деб ёзмоқда Трамнинг матбуот хизмати вакили Тейлор Будович Twitterда.
Энди қўмита ихтиёрида 121 миллион доллар бор, дейилади ушбу баёнотда. Қўмитага 1,6 миллионтадан кўп хайр-эҳсон келиб тушган, ҳар бир хайр-эҳсоннинг ўртача миқдори 31 долларни ташкил этган.
Бундан аввалроқ Техасда тарафдорлари ташкил этган митингда иштирок этган Трамп республикачилар партиясидаги сафдошлари ноябрдаги ўтиш сайловларида конгресснинг иккала палатасида ҳам кўпчиликка эга бўлишига, 2024 йилда эса унинг ўзи Оқ уйга қайтишига ваъда берганди. Лекин у келгуси президент сайловига ўзининг номзодини илгари суриши ҳақида аниқ бир гап айтмаган.