Трамп Сурияга қарши санкцияни бекор қилди
АҚШ Президенти Дональд Трамп Сурияга қарши санкцияни 1 июлдан бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади ва Давлат котиби Марко Рубиога ушбу араб давлатининг "терроризмга ҳомийлик қилувчи" мақомини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Оқ уй тарқатган навбатдаги баёнотнинг мазмуни қуйидагича:
– Президент Трамп ҳозиргина барқарорлик ва тинчликка эришиш йўлини қўллаб-қувватлаш мақсадида Сурияга қарши санкция дастурини тугатиш тўғрисидаги ижро фармонини имзолади. Ҳужжат Сурияга нисбатан санкцияни бекор қилади. Шу билан бирга инсон ҳуқуқини бузувчилар, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилар, собиқ Президент Башар Асад ва унинг шериклари – кимёвий қурол билан боғлиқ шахсларга нисбатан чеклов сақланиб қолади. Давлат департаменти Суриянинг нафақат террор ҳомийси сифатидаги мақомини кўриб чиқиши, балки ушбу мамлакат барқарорлиги ва тинчлигини қўллаб-қувватлаш учун БМТда санкцияни юмшатиш чораларини ўрганиши зарур.
С.Раҳимов, ЎзА