French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Трамп ўзига қарши очилган суд жараёни сиёсий таъқиб эканини айтмоқда
15:52 / 2024-04-16

Бу ишда амалдаги Президент Жо Байденнинг қўли бор, деди АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Нью-Йоркда ўзига қарши бошланган суд жараёнига муносабат билдириб.

-Мамлакатга  номуносиб одам раҳбарлик қилмоқда, ушбу ишларга у аралашган. Бу сиёсий рақибга қарши уюштирилган ҳужум. Шу боис судда иштирок этиш мен учун катта шараф, — деди Трамп.

Шу кунларда Республикачилар партиясидан яна бир бор президентликка номзодини илгари сурган собиқ давлат раҳбарига қарши кўрсатилган тўртта жиноятнинг биринчиси бўйича Нью-Йорк судида сўроқ жараёнлари бошланган.

Судга Трампнинг шахсан ўзи келган. Айни пайтда суд унинг ҳужжатларни расмийлаштиришда ўзига қарши ишлатиладиган маълумотларни яширганликда, қолаверса, актриса Сторми Дэниэлс билан ишқий муносабатлари бўйича айблов ишини кўриб чиқмоқда.

Америка оммавий ахборот воситалари Трампга қарши айбловлар рўйхати анчайин катта эканини таъкидлаб, бундай ҳолат мамлакат тарихида аввал кузатилмагани, илк бор собиқ Президент жиноий айблов билан суд қаршисида турганини ёзмоқда. Агар қўйилаётган айбловлар тўлиқ исботини топса, Оқ уйнинг собиқ раҳбари 136 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Трампнинг ўзи эса айбсизлигини, таъқибга асос йўқлигини таъкидлаб келади.

Умуман, сиёсатчига тўртта жиноий иш очилган, уларнинг учтаси ҳали суд муҳокамасигача етиб бормаган.

Масалан, Трамп 2020 йилда Атлантада бўлиб ўтган президентлик сайлови пойгасида ютқазганига қарамай, натижани ўз фойдасига ҳал қилишга уринган. Майамида яна бир федерал иш, яъни, Оқ уйдан махфий ҳужжатларнинг олиб чиқиб кетилиши ва уларни президентлик ваколати тугагандан кейин яширгани, давлат сирини ошкор этгани, терговга тўсқинлик қилгани ҳам бор.

Нью-Йоркда эса Трампга ҳужжатларни қалбакилаштиргани, қолаверса, актриса Сторми Дэниэлс билан ишқий муносабатлари ва бошқа ҳаракатлари учун 34 та айблов эълон қилинган. 

Хуллас, Президент сайловида Республикачилар партиясидан номзод сифатида иштирок этиш учун барча имкониятга эга ҳисобланган Трамп тўртта жиноий иш билан айбланмоқда. Нью-Йоркда бошланган суд жараёни ҳали биринчиси экани ҳисобга олинадиган бўлса, собиқ Президент учун оғир кунлар  ҳали олдинда, дейишга асослар етарли, зеро уни яна учта жиноий иш кутиб турибди.

С.Раҳимов, ЎзА