English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Трамп Обамани давлатга хиёнатда айблади
12:33 / 2025-07-24

Дональд Трамп Оқ уйда журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатда сайлов бўйича Миллий разведка баёнотини шарҳларкан, собиқ Президент Барак Обама ва юқори лавозимдаги бошқа демократларни 2020 йилги сайловни сохталаштиришда айблади:

– Бу – хиёнат. Улар сайлов натижасини чалкаштиришга ҳаракат қилган, ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган ишлар билан шуғулланишган.

Трамп  Демократлар партияси вакиллари Хиллари Клинтон ва Жо Байденни айблаб, Обамани шу ишлар бошида турган гуруҳ раҳбари, деб атаган. Бу хиёнатдан бошқа нарса эмас, деган у.

CNN телеканали эса оловга ёғ пуркагандай, давлатга хиёнат учун АҚШда ўлим жазоси берилишини эслатган.

Ушбу баёнот Миллий разведка директори Тулси Габбард ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботга асослангани айтилмоқда. Мазкур ҳужжатга кўра, Обама маъмурияти ва унинг ёрдамчилари ўшанда Россия аралашуви ҳақидаги  “тўқилган ва сиёсийлаштирилган” маълумот билан жамоатчиликни чалғитишга уринган. Яъни, Россия кибер ҳужум орқали АҚШ сайлов инфратузилмасига таҳдид қилгани ҳақида атайлаб нотўғри маълумот тарқатган.

Шу билан бирга ҳисобот аввалги тергов хулосасига зид эмаслиги қўшимча қилинган. Зеро, ҳужжатда РФ 2016 йил ҳақиқатан Хиллари Клинтонни обрўсизлантириш ва сайловчиларга таъсир ўтказиш учун кибер ҳужум ва бошқа усуллардан фойдалангани келтирилган. Фақат бу ҳаракат сайлов натижасини ўзгартириш мақсадида қилинган, деб ҳисобланмаган.

“Politico” нашри хабарига кўра, Габбард шу иш бўйича эълон қилган электрон хат ва ёзувларда Обама маъмурияти Россия хакерлари сайловни бузиши ёки овоз натижасини билдирмасдан ўзгартириб қўйиши мумкин эмас, деган хулосага келинган. Бинобарин, сайловчилар фикрига таъсир кўрсатиш ва жамоатчилик ишончини пасайтириш хавфи эътироф этилган, холос. Вазиятга Барак Обаманинг матбуот котиби Патрик Роденбуш қуйидагича изоҳ берди:

– Одатда биз Президент ваколатини ҳурмат қилганимиз учун Оқ уйдан чиқаётган бемаъни баёнотларга жавоб бермаймиз. Афсуски, бу галги айблов шунчалик асоссиз ва ахмоқонаки, жавоб бермасак бўлмайди. Бу ғалати даъволар кулгили ва эътиборни чалғитиш учун қилинаётган ҳаракат.

У Разведка бошлиғининг охирги ҳисоботи 2016 йил Россия АҚШ сайловига ҳақиқатан таъсир ўтказишга ҳаракат қилгани, бироқ овозларни ўзгартиришга муваффақ бўлолмагани ҳақидаги аввалги хулосага зид эмаслигини ҳам таъкидлади. Шунингдек, бу хулосалар икки партиявий Сенатнинг разведка қўмитаси томонидан 2020 йил расман тасдиқланганини қўшимча қилди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/ch0GrMN94fQ?si=t8SxhzicZKCpRu9h" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

К.Бекжонов, ЎзА