АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронни бомбардимон қилиш бўйича қарор қабул қилишга шошилмаётганига сабаб “яна бир Ливия” яратилишидан хавотири билан боғлиқ, деб ёзди “TheNew York Post” нашри.
– Трамп Ливия ҳақида гапираётганининг иккита сабаби бор: биринчидан, зиддиятдан сўнг келиб чиқадиган тартибсизлик, иккинчидан, Ливияга аралашиш Шимолий Корея ва Эрон каби давлатлар билан музокаралар олиб боришни қийинлаштирди, - деб ёзади яна бир манба.
Бошқа бир ОАВ Трамп Эроннинг амалдаги олий раҳбари ҳақида гапириб, “Биз Ҳаманаийдан ҳам баттарроқ одамга эга бўлишимиз мумкин”, деганини келтирган.
2011 йилда Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий ҳокимиятдан ағдарилиб, ўлдирилганидан бери Ливия бирлашган давлат сифатида фаолият кўрсатишни тўхтатди. Сўнгги йилларда мамлакат ғарбидаги Триполи ҳукумати билан шарқдаги ҳукумат ўртасида қарама-қаршилик юзага келди.
Айни пайтда Ливияда бир-бирини тан олмайдиган икки ҳукумат бор. Биринчиси, БМТ томонидан қўллаб-қувватланган ва Абдулхамид Дбейбой бошчилигидаги ҳукумат Триполида фаолият юритади. Иккинчиси, мамлакат Вакиллар палатаси томонидан ваколат берилган, Бенғозида жойлашган ва уни Усама Ҳаммад бошқаради.
С.Раҳимов, ЎзА