Сўнгги пайт АҚШ – Венесуэла муносабати анчайин кескинлашди. Бунга 19 август куни Оқ уй матбуот котиби Керолин Левитт мамлакат етакчиси Дональд Трамп Венесуэлада ҳарбий амалиёт ўтказиш имкониятини истисно этмаган ҳолда, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда “Америка кучининг барча унсурларидан фойдаланиш”га тайёрлигини таъкидлагани сабаб бўлди.
Баёнот Боливар Республикаси қирғоғига Америка ҳарбий кемалари, жумладан ракета крейсери ва саҳнида 4000 нафар денгиз пиёдаси борлиги тахмин қилинаётган ядро ҳужумига қарши сув ости кемаси юборилгандан кейин берилди.
Бугун эса Трамп ижтимоий тармоқда америкалик ҳарбийлар томонидан халқаро сув ҳудудида Венесуэланинг “Tren de Aragua” тўдасига тегишли гиёҳванд модда олиб кетаётган кемасига ҳужум қилиниб, 11 террорчи ўлдирилганини маълум қилди.

– Мазкур ҳужум террорчилар АҚШга ноқонуний гиёҳванд модда олиб кетаётган вақтда уюштирилди. Амалиёт давомида ҳеч бир америкалик ҳарбий хизматчи жабрланмаган, – деган Трамп.
Америка етакчиси кемани Президент Мадуро назорат қилаётганини даъво қилган.
Венесуэла Боливар милицияси қўмондони Орландо Ромеро аввалроқ “РИА Новости”га берган интервьюсида АҚШ ҳаракатига изоҳ бераркан, “Америка ҳарбий кемалари Кариб денгизида сузиб юриши гиёҳванд моддалар савдосига қарши ҳақиқий кураш билан боғлиқ эмас”лигига урғу берган.
Дарвоқе, 8 август куни АҚШ Бош прокурори Пам Бонди Мадурони ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 50 миллион доллар берилишини эълон қилган.

Ўз навбатида Каракас бундай қадамлар бузғунчилик, вазиятни беқарорлаштиришга уриниш, шунингдек Кариб денгизи минтақасининг қуролсиз ва ядросиз мақоми тўғрисидаги халқаро шартномаларни бузиш сифатида баҳолади.
Аввалроқ Мадуро “империя” Венесуэла ишларига аралашишига йўл қўймаслик учун 4,5 миллионлик Боливар милицияси кучларидан фойдаланиш ниятини билдирган.

АҚШ ҳарбийларининг Венесуэлага қарашли кемага ҳужумини кеча АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, “ҳарбийлар Кариб денгизида Венесуэладан сузиб чиққан “гиёҳвандлик кемаси”га қарши “ҳалокатли зарба” берган.
С.Раҳимов, ЎзА