Трамп коронавирусга қарши кураш учун ҳарбий ваколатларни зиммасига олди
Оксфорд университети олимлари 30 дақиқа ичида натижа берадиган коронавирус анализи устида иш олиб боришаётганини маълум қилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп саноатнинг коронавирусга қарши курашдаги сафарбарлигини таъминлаш учун фавқулодда ваколатларни ўзига олди. Қарор пандемиянинг салбий оқибатлари кучайиши саҳнида қабул қилинди.
Ўзини “ҳарбий вақт президенти” деб атаган Трамп 1950 йилдаги мудофаа ишлаб чиқариши тўғрисидаги қонундан фойдаланди. Корея уруши йилларида қабул қилинган қонун президентга корхоналарни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ҳаётий зарур материалларни чиқаришга мажбурлашга имкон берадиган фавқулодда ваколатлар беради. Бугун улар – респираторлар, ниқоблар, ўпканинг сунъий вентиляцияси учун аппаратлар ҳамда янги турдаги коронавирусга қарши курашнинг бошқа воситалари.
Трампнинг хабар беришича, қонун фақат АҚШдаги коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашган тақдирдагина қўлланилади. “Умид қиламанки, бунга зарурат туғилмайди“, – деб ёзди у твиттерда.
“Бу уруш“, – деди Трамп, коронавирусга қарши курашни Иккинчи жаҳон уруши пайтида қабул қилинган чоралар билан таққослаб ва олдинда умуммиллий миқёсда кутилаётган қурбонлар ҳақида огоҳлантирди.
АҚШда коронавирус юқишининг 9 мингта ҳолати аниқланди, 139 киши вафот этди. Олдинроқ Дональд Трамп COVID-19 билан боғлиқ вазият туфайли мамлакат ичкарисида ҳаракатланишга чеклов жорий этилишини маълум қилди. АҚШ шунингдек, визалар берилишини тўхтатди.
Сешанба куни Оксфорд университети олимлари 30 дақиқа ичида натижа берадиган коронавирус анализи устида иш олиб боришаётганини маълум қилди. Шу билан бирга Дакардаги Пастер институти 10 дақиқада натижа берадиган ва нархи бир доллар турадиган анализ устида иш олиб бормоқда, дея хабар берди “Би-би-си“ рус хизмати.
Вирусга қарши вакциналар АҚШ ва Исроилда синовдан ўтказилмоқда. Аммо, улар муваффақиятли бўлган тақдирда ҳам вакциналар келаси йил ўрталарига борибгина сотувга чиқарилиши мумкин. Шунингдек, Россия ва Буюк Британия ҳам ўз вакциналари устида иш олиб бормоқда.
Шу йил январида коронавирус қайд қилинган Хитойнинг Хубэй вилояти, шунингдек, унинг маъмурий маркази Уханда пайшанба куни илк бор коронавирусга чалиниш билан боғлиқ бирорта ҳам ҳолат қайд қилинмади.
Жаҳонда умумий ҳисобда 210 минг кишида коронавирус аниқланди, 84 мингдан ортиқ киши тузалиб кетди, 9 мингга яқин киши вафот этди.
Тожикистон ТИВ хабарига қараганда, республика бош санитар врачининг фармойишига кўра Хитой, Эрон, Италия, Корея Республикаси, Афғонистон, Франция, Испания, Швеция, Швецария, Буюк Британия, Норвегия, Нидерландия, Германия, Бельгия, Дания ва АҚШдан келган Тожикистон ва бошқа хорижий давлатлар фуқаролари 14 кунга карантинга жойлаштирилади. Бундан аввал карантин Хитой, Эрон, Италия, Жанубий Корея ва Япониядан келганлар учун мажбурий эди.
ТИВнинг эслатишича, хорижда бўлиб турган Тожикистон фуқаролари эҳтиёж туғилганда чет элдаги мамлакатнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотига қараганда, мамлакатда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар қайд қилинмади.
18 мартдан бошлаб Тожикистон ва Россия ўртасидаги авиақатновлар вақтинча бекор қилинди, шу сабабли ҳам барча рейслар учун 1 майга қадар чипталар сотилиши тўхтатилди. Бу ҳақда Душанбе шаҳридаги авиакассалар маълум қилди.
Сешанба куни Россия ҳукумати 18 мартдан 1 майга қадар парвозлар тўхтатилиши, мамлакатга хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаганларнинг кириши чекланиши борасида қарор қабул қилди.
Қирғизистонда бир кунда 70 мингта ниқоб ишлаб чиқарилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистонда коронавирус тарқалишига қарши туриш борасида ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар борасида маълумотга бағишлаган парламент мажлисида бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиев маълум қилди.
Унинг сўзларига қараганда, республикада талаб ошиб боргани сабаб уч кунда 3,5 миллион тиббиёт ниқоби сотиб олинган.
“Чайқовчилар томонидан миллионта ниқоб сотиб олиниб, бошқа мамлакатларда сотишга уриниш аниқланди. Финполиция 1,5 миллион ниқобни фош қилди. Чайқовчилар уларни нархлар ошганидан кейин давлатга сотишни режалаштирган эди”, – деди бош вазир.
Жаҳонда коронавирус инфекцияси тарқала бошлангани ҳақидаги хабарлардан сўнг Қирғизистонда тиббиёт ниқобларига талаб ошиб кетди.
Қирғизистонга тиббиёт ниқоблари олиб кирилиши ва импорти қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади. Бу борадаги қарорга бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиев имзо чекди, дея хабар берди ҳукумат матбуот хизмати.