АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтоннинг Шимолий Атлантика альянсидаги ўрни ҳақида кескин баёнот бериб, унинг босими туфайли НАТО давлатлари мудофаа харажатини оширишга мажбур бўлганини таъкидлади.
Америка етакчисининг сўзларига кўра, у лавозимга киришгунга қадар аксарият иттифоқчилар мудофаа бюджетини, ҳатто, ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизигача ҳам кўтармагани, ҳозир эса ўзининг талаби билан ҳарбий харажат ушбу миқдорнинг 5 фоизига оширилгани, тўловлар дарҳол амалга оширилганига эътибор қаратган.
Трамп фикрича, "АҚШ иштирокисиз Россия бутун Украинани босиб олган бўларди". Бундан ташқари у “саккизта урушни якка ўзи тугатгани, шу орқали миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолгани”ни даъво қилди. У НАТОнинг зарурат туғилганда Қўшма Штатларни ҳимоя қилиш қобилиятига шубҳа билдириб, Россия ва Хитой “АҚШсиз иттифоқдан қўрқмаслиги”га урғу берди. Сўзи якунида иттифоқчилар Қўшма Штатларни қўллаб-қувватламаса ҳам Вашингтон НАТОни қўллаб-қувватлашда давом этишини қўшимча қилди.
Бу баёнотлар АҚШ ва кўҳна қитъа давлатлари муносабатида кескинлик кучайганини билдиради. Аввалроқ Европа етакчилари Вашингтонни таҳдид қилиш эмас, ҳамкорлик қилишга чақирувчи баёнот берган. Кейинчалик Дания Бош вазири Метте Фредериксен Гренландия туфайли АҚШ НАТО мамлакатига босим ўтказиши халқаро тартибга зидлиги ва бундай амалиёт Альянс емирилишига олиб келишидан огоҳлантирганди.
С.Раҳимов, ЎзА