English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Трамп Эрон билан 15 кундан сўнг жиддий гаплашмоқчи
21:36 / 2026-02-20

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга нисбатан навбатдаги кескин баёнот билан чиқди. У Теҳронга келишувга эришиш учун “10-15 кун етарли” эканини айтиб, акс ҳолда “оқибат ёмон бўлиши”дан огоҳлантирди.

Бу гап Яқин Шарқда Вашингтон ҳарбий иштироки кучайган паллада янгради. Минтақага иккинчи авиаташувчи яқинлашмоқда, юзлаб самолёт, қўшимча кучлар жойлаштирилган. “The Soufan Center” маълумотига кўра, ҳудудга аллақачон ўнлаб F-35, F-22 ва F-16 қирувчилари етиб келган.

Трамп Вашингтон “мазмунли келишув” истагида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мақсад – Эрон ядровий инфратузилмасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш. Бинобарин, Теҳрон музокара фақат ядровий дастур доирасида бўлиши, бошқа масала муҳокама қилинмаслигини айтган.

Шу кунларда Ислом Республикаси Россия билан ҳарбий машқ ўтказди. Дунё нефтининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган стратегик йўлак ҳисобланган Ормуз бўғозида ҳақиқий ўқ отиш машқи ҳам амалга оширилди.

Эрон БМТдаги элчиси орқали мамлакат уруш истамаслиги, билъакс ҳар қандай тажовузга “қатъий ва мутаносиб” жавоб беришини билдирди. Таъкидланишича, минтақадаги АҚШ базаларининг ҳаммаси “қонуний нишон”га айланиши мумкин.

Европада ҳам хавотир кучайган. Польша Бош вазири Дональд Туск ўз фуқароларини Эронни зудлик билан тарк этишга чақирди. Германия эса Ироқ шимолидаги базадан айрим ҳарбий ходимларини вақтинча олиб чиқди.

Музокара баҳонасида ҳар икки томон вақт ютяптими ёки сўнгги келишувга яқинлашяптими, бу ҳали ноаниқ. Нима бўлганда ҳам, ҳарбий куч намойиши ва кескин “даҳанаки жанг” Яқин Шарқни яна бир жиддий синов қаршисида қолдираётгандек.

Мусулмон Зиё, ЎзА