Трамп Давосда “Тинчлик кенгаши”ни таъсис этди
АҚШ президенти Дональд Трамп Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида “Тинчлик кенгаши”ни расман таъсис этди. Бугун у 20 га яқин давлатлар раҳбарлари билан мазкур тузилманинг таъсис ҳужжатини имзолади ва унинг фаолияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотига рақобатчи бўлмаслигини таъкидлади.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттнинг маълум қилишича, низом имзоланиши билан “Тинчлик кенгаши” халқаро ташкилот сифатида расман фаолият бошлаган.
Таъкидланишича, янги тузилма БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш ҳамда Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратиш доирасида шакллантирилмоқда.
Маросимда АҚШ билан бир қаторда Ўзбекистон, Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Марокаш, Мўғулистон, Озарбайжон, Парагвай, Покистон, Қатар, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва бошқа давлатлар раҳбарлари, бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашди.
Д.Ҳакимов, ЎзА