ФОТОРЕПОРТАЖ
Ҳиндистоннинг шимолидаги Уттар-Прадеш штатида, Жамна (Ямуна) дарёсининг ўнг соҳилида жойлашган Агра шаҳрида 1,5 миллион киши истиқомат қилади.
Агра XVI-XIX асрларда Бобурийлар пойтахти бўлган. Акбар ва Шоҳ Жаҳон даврида, айниқса, равнақ топган. Аграда XVI-XVII асрларга доир мусулмон меъморчилигининг ажойиб ёдгорликлари сақланиб қолган. “Агра-Форт” (XVI аср) қасри ва унинг ичидаги “Марварид масжид” (XVII аср) каби бир қанча саройлар шулар жумласидандир.
Аграда Шарқ меъморчилигининг ажойиб намунаси бўлган Тожмаҳал жойлашган.
[gallery-14813]
Дунёнинг ноёб мўъжизаларидан бири сифатида эътироф этиладиган Тожмаҳал Шоҳ Жаҳон томонидан, унинг суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим хотирасига бағишлаб барпо этилган. Мажмуа хиёбонлар ва катта боғ билан қуршалган. Атрофда эса ястанган далалар, Жамна дарёси бир маромда, сокинлик билан оқади. Сукунатни фақат қушларнинг чуғурлаши бузади, холос.
Шунингдек, Аградаги Жоме масжид (1628 йил), Эътимод уд-Давла мақбараси (1628 йил) жаҳон меъморчилиги дурдоналаридан ҳисобланади. Буларни қуришда ҳинд усталари билан бирга Бухоро ва Самарқанд усталари ҳам қатнашган.
XIX-XX асрларда Агра қайта тикланди. Агра бинолари мармарга ишланган ўйма ва қадама нақшлари, фил суягидан ишланган буюмлари билан машҳур. Саноати асосан кўн-пойабзал, озиқ-овқат, қоғоз, ойна-шиша корхоналари, Ҳиндистоннинг шимолидаги энг йирик “Жонс-Милс” йигирув комбинати, электр-техника ва бошқа корхоналардан иборат. Шаҳарда қўлда газлама тўқиш ва бадиий буюмлар ясаш ҳунармандчилиги тараққий этган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА