Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан ҳамкорлик янада ривожланади
11:57 / 2022-09-10

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси икки кунлик амалий сафар билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятида бўлиб қайтди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Сўх, Бешариқ, Данғара, Риштон туманлари, Қувасой шаҳри ҳокимлари ва ўринбосарлари, вилоятнинг йирик тадбиркорлари, ҳунармандлари, санъат ва спорт соҳаси вакилларидан иборат йирик делегациянинг Сўғд вилоятига ташрифи икки вилоят ўртасида ҳар томонлама амалий ҳамкорликнинг янги саҳифасини очди.

Ташриф дастури доирасида дастлаб вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзоданинг мулоқоти ва ортидан икки вилоят расмийларининг кенгайтирилган форматдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда давлатларимиз раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси натижасида халқларимиз ўртасида азалий дўстлик ва қардошлик ришталари қайтадан кучайиб бораётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганлиги алоҳида қайд этилди. Мулоқотлар чоғида икки вилоят ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, текстиль, қурилиш маҳсулотлари, чарм-пойабзал саноат, қишлоқ хўжалиги, хусусан пахтачилик, пиллачилик ва боғдорчилик, туризм соҳаларида ҳамкорликни, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, 2023 йилдан бошлаб тожик пахта хом ашёси экспорти тўхтатилаётганлигини инобатга олиб фарғоналик тадбиркорлар билан ҳамкорликда Сўғд вилояти ҳудудида пахтани қайта ишлаш ва тайёр турдаги тикув тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик масаласи икки томонлама маъқулланди. Шунингдек, вилоятда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар, текстиль маҳсулотлари, пойабзал, уй-хўжалик моллари ва бошқа турдаги халқ истеъмол молларига Сўғдда эҳтиёж юқорилиги билдирилди.

Бешариқ туманида Тожикистон билан чегарадаги “Андархон” назорат-ўтказиш пункти ёнидаги майдонда барпо этилаётган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига боғлиқ эркин савдо зонаси минтақавий улгуржи ва чакана савдони ривожлантириш учун катта имконият яратиши қайд этилди. 

Фарғона ва Хўжанд шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича ҳам иш олиб боришга, икки вилоят ўртасидаги автобус қатновлари сонини кўпайтиришга келишилди.

Икки томонлама эришилган келишувлар ва ҳамкорлик алоқаларини мувофиқлаштириш учун Қўшма ишчи гуруҳ ташкил этилди. Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев ва Сўғд вилояти раисининг биринчи ўринбосари Анвар Яъкуби қўшма ишчи гуруҳ фаолиятига масъул этиб белгиланди.

М. Сулаймонов, ЎзА