Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида «Алишер Навоий мероси – беқиёс маънавий хазина» деб аталган адабий-маданий кеча бўлиб ўтди
13:48 / 2024-02-10

Тожикистоннинг Суғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрида «Алишер Навоий мероси – беқиёс маънавий хазина» деб аталган адабий-маданий кеча бўлиб ўтди. Мир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган мазкур кеча Ўзбекистоннинг «Ватандошлар» жамоат фонди ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Тожикистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Кечада Алишер Навоийнинг оламшумул ижоди мухлислари - фақат Хўжанддангина эмас, балки вилоятнинг бошқа шаҳар ва қишлоқларидан келган турли касб эгалари, турли ёшдаги кишилар иштирок этишди.

Ўзбекистондаги каби Тожикистонда ҳам Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди кенг ўрганилади. Ҳозирда академик Бобожон Ғафуров номли Хўжанд давлат дорилфунуни ўзбек филологияси адабиётшунос ва тилшунос олимлари устозлари – филология фанлари докторлари марҳум Эргашали Шодиев ва Абдусалом Абдуқодировнинг Алишер Навоий ижодини ўрганиш борасидаги ишларини давом эттиришмоқда.

Тожикистонда мавлоно Абдураҳмон Жомий каби Мир Алишер Навоийга ҳам юксак эҳтиром кўрсатилади. Мамлакат пойтахти Душанбе шаҳрида Алишер Навоий номли муҳташам боғ бор. Боғда устоз-шогирд, икки қадрдон дўст, икки шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилган. Тожикистонда бир неча мактаб ва кўча Алишер Навоий номига қўйилган.

Адабий-маданий кеча қатнашчилари «Ватандошлар» жамоатчилик фонди бошқаруви раиси Одилжон Сатторов, адабиётшунос олим, профессор Баҳодир Карим, ўзбекистонлик таниқли ижодкорлар Шодмонқул Салом, Фозил Фарҳодларнинг Алишер Навоий ҳақидаги сермазмун чиқишларини катта қизиқиш билан тинглашди.

Кечада Алишер Навоийнинг ўзбек тили билан бирга Фоний тахаллуси остида тожик тилида ҳам ижод қилгани, устоз-шогирд тамал тоши қўйган икки халқ орасидаги дўстлик тобора мустаҳкамланаётгани борасида ҳам сўз борди.

«Мен Алишер Навоийни яхши ўргана олмаганимга афсусдаман. Навоийни болаликдан ва бир умр ўрганиш зарур аслида», деди тожикистонлик шоир, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси Султонмурод Ҳожибоев.

Кечада Алишер Навоийга бағишланган шеърлар ўқилди. Ўзбекистоннинг машҳур «Лазги» ансамблидан ташриф буюрган санъаткорлар Алишер Навоий ғазалларига басталанган ашулаларни ижро этишди. Мактаб ўқувчилари Алишер Навоий ҳаётига бағишланган асарлар асосида тайёрланган саҳначаларни кўрсатишди.

«Ватандошлар» жамоатчилик фонди томонидан Тожикистондаги бешта ўзбек мактабига 300 та китоб тақдим этилди.

«Биз аввало Мир Алишер Навоийга бағишланган ёддан ўчмас кечани ташкил этишгани ва ҳеч бир нарсага алмаштириш мумкин бўлмаган бебаҳо хазина – қимматбаҳо китоблар тақдим қилишгани учун «Ватандошлар» жамоат фондидан беҳад миннатдормиз. Бу китоблардан фақат бизнинг мактабгина эмас, балки қўшни қишлоқлардаги мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳам баҳраманд бўлишади. Бу китоблар Тожикистонда яшаётган ўзбеклар орасида китобхонлар сонининг янада кўпайишига ишончим комил», деди Мастчоҳ туманидаги 39-ўрта умумтаълим муассасаси ўқитувчиси, болалар шоири Эрали Жиянбоев.

Ўринбой УСМОН,

ЎзА