Тожикистоннинг 104 фуқароси Сурия лагерларидан ватанига қайтарилди
104 кишидан иборат тожикистонлик фуқаролар якшанба куни Суриядан Тожикистонга олиб келинди, деб хабар бермоқда “Ховар” агентлиги мамлакат ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотларга таяниб.
Хабарда айтилишича, Президент Имомали Раҳмон топшириғига биноан 21 май куни махсус рейс орқали 104 кишидан иборат Тожикистон фуқароларининг иккинчи гуруҳи ватанга қайтарилган. Улар асосан хотин-қизлар, ўсмирлар ва гўдаклардан иборат бўлган. Аёллар ва болаларнинг ҳаммаси Сурия лагерларида яшаб келган бўлиб, кўпчилиги ҳалок бўлган террорчи ташкилотлар жангариларининг аёллари ва болаларидир.
Шунингдек, Қозоғистон томони илтимоси билан мазкур рейс орқали Қозоғистоннинг беш фуқароси – она ва унинг тўрт фарзанди ҳам Тожикистонга келтирилган.