Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон -Тожикистон Республикалари олий таълим муассасалари ректорлари форуми иштирокчилари бугун Самарқандда бўлди.
Тожикистон Республикаси таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода бошчилигидаги йигирмадан ортиқ олий ўқув юрти ректорлари дастлаб Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети фаолияти, бу ердаги таълим жараёнлари билан танишди.


Университет ректори, профессор Рустам Холмуродов кейинги йилларда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ўқув жараёнларининг такомиллашгани ва бой моддий-техник база ҳақида меҳмонларга сўзлаб берди.


Тожикистонлик меҳмонлар университет археология, зоология музейларини кўздан кечирди. Биокимё институти кампусида бўлиб, бу ерда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар номидаги лаборатория фаолияти ректорларда катта қизиқиш уйғотди.
Қўшни давлат олий таълим муассасалари ректорлари Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни ҳам томоша қилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари