Тожикистонда йилнинг биринчи чорагида 1 миллион тоннадан зиёд цемент ишлаб чиқарилди
Бу 2020 йилнинг шу даври билан таққослаганда 54,5 минг тоннага кўпдир, деб хабар қилади Ховар ахборот агентлиги.
Агентликнинг мамлакат саноат ва янги технологиялар вазирлиги берган маълумотга таяниб ёзишича, ўтган йил шу давр кўрсаткичлари билан таққослаганда бу йил цемент ишлаб чиқариш 5,6 фоизга ошган.
Тожикистонда цемент ишлаб чиқариш билан 16 та корхона шуғулланади. Мамлакатнинг цементга бўлган ички эҳтиёжи йилига 3-3,5 миллион тоннани ташкил этади.
Ўтган йили Тожикистонда жами 4,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилган, шундан 1,3 миллион тоннадан кўпроғи қўшни мамлакатларга экспорт қилинган.
Тожикистон цементининг асосий харидорлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Қирғизистон ҳисобланади.