Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан Тожикистоннинг Бохтар шаҳрида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур байрамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, икки мамлакат ёзувчилари уюшмалари аъзолари, санъаткорлар, ўқитувчи ва талабалар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Эргаш Шоисматов, “Ватандошлар” жамоат жамғармаси раиси Одилжон Сатторов, шаҳар ҳокими ўринбосари Наргиз Қурбонзода сўзга чиқиб, буюк мутафаккирнинг серқирра ижоди, унинг туркий адабиёт тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида фикр юритди.
Навоий асарларида илгари сурилган инсонпарварлик, адолат ва маърифат ғоялари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолаётгани таъкидланди.

Маданий дастур доирасида ўқувчилар ва ёш ижодкорлар томонидан шоирнинг ғазал ва рубоийлари ифодали тарзда ўқилди. Миллий қўшиқ ва куйлар тадбирга алоҳида шукуҳ бағишлади.
Анжуманда ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўп асрлик адабий ва маданий алоқалар ҳақида ҳам сўз борди. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий каби алломалар мероси икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчиларга Навоий асарлари ҳамда ўзбек адабиётининг сара намуналари тақдим этилди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА