English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожикистон ташқи савдо бўйича Ўзбекистонинг йирик шерикларидан бири ҳисобланади
17:39 / 2022-01-27

2021 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 42,1 миллиард долларни ташкил этди, бу 2020 йил билан таққослаганда 5,8 миллиард долларга кўпдир, яъни ўсиш 16,0 фоизни ташкил этган.

 Мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолияти 20 та йирик шерик мамлакатлар орасида тўртта мамлакат, жумладан, Тожикистон ва Қирғизистон  билан айниқса фаол кечмоқда, деб ёзмоқда Тожикистоннинг “Ховар” миллий ахборот агентлиги мамлакатимиз статистика давлат қўмитаси маълумотларига таяниб. 

Тожикистон билан Ўзбекистон саноатнинг барча йўналиши бўйича қўшма лойиҳаларини  ҳаётга жорий қилишга келишиб олди, деб ёзади “Ховар” агентлиги.  

Яқинда Тожикистон ҳукумати  махсус қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Тожикистон Республикаси ўртасида саноат ва янги технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни тасдиқлади, дейилади мазкур мақолада. Маълумки, ушбу битим 2021 йил 10 июнда Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Тожикистон билан Ўзбекистоннинг расмий делегациялари кенгайтирилган музокаралари якунлари бўйича имзоланган эди.  

Ўшанда бўлиб ўтган музокараларда икки давлат раҳбари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев ҳам ҳозир бўлганди. Мамлакатларимиз муносабатларидаги яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, имзоланаётган ҳужжатлар, келишилаётган битимлар Тожикистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2000 йил 15 июнда имзоланган Абадий дўстлик Шартномаси бандларига асосланади. 

Ўтган ҳафтанинг охирида Тожикистон Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборотлар эълон қилиб бориладиган порталида матни эълон қилинган мазкур битимда икки мамлакатнинг енгил, озиқ-овқат, кимё, қурилиш, тоғ-кон, энергетика ва машинасозлик саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириши ҳақида гап боради. 

Бундан ташқари, ушбу келишув қайта ишлаш техникалари ва технологияларини етказиб бериш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ҳам кўзда тутмоқда. 

Шунингдек, икки давлат ишбилармонлари доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш режалаштирилмоқда. Саноат маҳсулотлари ярмаркалари ва кўргазмаларини ташкил қилиш, ишбилармон доираларининг бизнес форумларини уюштириш битим бандларида қайд этилган. 

Томонлар саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришда инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади. Бу ерда гап қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий қилиш ҳақида бормоқда. 

Маълумки, ўтган йили ёзда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи чоғида икки мамлакат ҳукуматлари Тожикистон  ҳудудида қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун юридик манзили Душанбеда бўлган қўшма инвестиция компаниясини ташкил қилиш бўйича битимни имзолаган эди. 

Мазкур «Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция компанияси»нинг таъсис   капитали 12 миллион АҚШ доллари миқдорида белгиланиши режалаштирилган. 

Мақолада компаниянинг таъсисчилари сифатида Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 75 фоизлик улуш билан ҳамда “Тожикинвест”  25 фоизлик улуш билан иштирок этиши кўзда тутилгани, айтилади. 
 

Саидмурод Раҳимов тайёрлади, 
ЎзА