Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожикистон Республикасида “Ўзбек киноси кунлари” давом этмоқда
16:36 / 2021-05-20

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон киноижодкорлари делегацияси Тожикистонда давом этаётган “Ўзбек киноси кунлари”да иштирок этиш учун ушбу давлатда бўлиб турибди.

Ташрифнинг биринчи куни делегация аъзолари дастлаб Тожикистон Оммавий ахборот воситалари академиясида бўлиб, матбуот анжуманида иштирок этди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов ҳамда Тожикистон ОАВ академияси раҳбари Саъдий Маҳдий Исматзода икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик, хусусан, миллий медиа-макон ва кинематографияни ривожлантириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Жумладан, Янги Ўзбекистонда журналистика ва кинематография соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар, нодавлат телеканаллар фаолияти, сўнгги йилларда ўзбек киносида кўзга ташланаётган янгиланишлар, кутилаётган ўзгаришлар, ҳар икки мамлакат кино ва медиа соҳаси вакиллари малакасини ошириш, бу борада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритилди.  

Шундан сўнг ўзбекистонлик киноижодкорлар Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги миллий кутубхона фаолияти билан танишди. Мазкур кутубхонада уч ярим миллион нусхадан ортиқ турли тиллардаги китоб, газета ва журналлар сақланмоқда. Кутубхона раҳбари Жумахон Файзализода меҳмонларга ушбу зиё маскани тарихи, ундаги нодир қўлёзмалар хусусида сўзлаб берди. Кутубхонага “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумида чоп этилган китоб-альбомлар тўплами совға қилинди.  

Кутубхонанинг нодир манбалар бўлимида Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Мирзо Бедил, Абдураҳмон Жомий сингари улуғ алломаларнинг қўлёзмалари ўрин олган. Улар орасида Алишер Навоийнинг 1801 йилда Бухоро амирлигида кўчирилган “Хамса” қўлёзмаси иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.  

Мамлакатимиз вакиллари шу куни Душанбе шаҳридаги Алишер Навоий боғига ташриф буюрди. Тадбирда Навоий шеърларидан намуналар ўқилди. Мазкур боғ 2018 йилда очилган, унинг очилишида икки давлат раҳбарлари иштирок этган. Боғ тўрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари қад ростлаган. Меҳмонлар улуғ мутафаккирлар пойига гулчамбар қўйиб, ҳурмат бажо келтирди.

Душанбе шаҳридаги “Ватан” кинотеатрида кечки пайт “Тожикистонда ўзбек киноси кунлари”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда мазкур анжуманнинг икки мамлакат маданий ҳаётида тутган ўрни, ўзбек ва тожик кинематографиясини ривожлантириш бўйича кўзда тутилаётган лойиҳалар хусусида сўз борди.  

– Ҳар икки мамлакат киноси тарихида муштарак тақдирларни кўриш мумкин, – деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Ф.Абдухолиқов. – Хусусан, ўзбек киноси ривожига улкан ҳисса қўшган машҳур кинорежиссёр Комил Ёрматов Тожикистонда, Конибодомда туғилиб ўсган бўлса, тожик киносининг машҳур намояндаси Борис Кимёгаров, тожик киносида ёрқин из қолдирган Анвар Шукуров, Самариддин Саъдиев сингари актёрлар Самарқандда туғилган. Тожик фильмларида кўплаб ўзбек санъаткорларини учратиш мумкин. Ўзбек фильмларида ҳам бир қатор тожик актёр ва актрисалари ўзига хос образлар яратган. Ана шу тарихий анъаналарни давом эттиришимиз керак.  

Тадбир доирасида таниқли тожик хонандалари ижросида ўзбек ва тожик тилларида куй-қўшиқлар ижро этилди.

 

Рустам Жабборов, журналист