Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожикистон Президенти рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш тарафдори
17:40 / 2025-09-23

Барқарор ривожланиш мақсадларига кенг кўламда эришиш учун рақамли технологиялар, жумладан сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш зарур.

Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессияси доирасида Бош котиб Антониу Гутерриш билан учрашуви чоғида таъкидлади.

Қардош давлат етакчиси матбуот хизмати хабарига кўра, замонавий дунёдаги глобал таҳдидлар суҳбатнинг асосий мавзусига айланди. Хусусан, геосиёсий зиддият, хавфсизликка таҳдид кучайиши, қуролли можаро, террор, экстремизм, иқтисодий ва молиявий инқироз, шунингдек озиқ-овқат барқарорсизлиги масалалари кўтарилди.

Раҳмон айни вазиятда давлатлар ва БМТ тузилмалари самарали ва таъсирчан ҳамкорлиги талаб этилишини билдирди.

– Тахминга кўра, 2030 йилгача БРМ фақат 35 фоиз амалга ошиши кутиляпти, – деди Тожикистон раҳбари. – Бундай ҳолатда янгича ёндашув ва механизмлар жорий этилиши тақозо қилинади. Шу боис технология трансформациясининг аҳамияти ортяпти. Айниқса рақамли воситалар ва сунъий интеллектни жорий этиш глобал даражада ривожланишнинг энг муҳим ресурсларидан бирига айланяпти.

Мулоқот чоғида Тожикистоннинг глобал сув дипломатиясига содиқлиги тасдиқланди. Хусусан, 2026 ва 2028 йилларда ўтказиладиган БМТ Сув конференцияларига тайёргарлик жараёнига ҳам эътибор қаратилди. Маълумки, иккинчи анжуман Душанбе шаҳрида ўтказилади.

Эмомали Раҳмон АҚШга ташриф доирасида Португалия Президенти Марселу Ребелу де Соуза ва Вьетнам Президенти Лионг Кионг билан ҳам учрашди.

Б.Худойбердиев, ЎзА