Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожикистон билан ҳамкорлик янада ривожланади
13:39 / 2022-02-23

Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси савдо вакили Шаҳбоз Шоев хизмат сафари билан Наманган вилоятида бўлди.

Ташриф аввалида Тожикистон элчисининг маслаҳатчиси Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида жойлашган "Дўстлик" уйида бўлиб, вилоят Тожик миллий маданий маркази раҳбари Сатторжон Ғофуров билан амалий мулоқотда бўлди.

Дўстона мулоқот давомида икки давлат маданий алоқаларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида сўз борди. Бугунги кунда Наманганда 300 мингдан зиёд фуқаролар "Ўзбекистон умумий уйимиз" тамойили асосида бошқа миллат вакиллари билан ўзаро аҳил ва тотувлик умргузаронлик қилмоқда. Ўтган беш йил давомида тожик миллий маданий марказининг ўнлаб фаоллари давлатимизнинг юксак мукофотлари - орден ва медаллари билан тақдирланган.

Мулоқотда марказ билан ўзаро ҳамкорликни тизимли давом эттириш борасида амалий ишларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Меҳмон Наманган вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Аюбхон Бобомирзаев билан учрашди.

Учрашувда Намангандаги маҳаллий тадбиркорлар ва хорижлик инвесторларга яратилган шарт-шароитлар хусусида батафсил маълумотлар берилди. Асосий эътибор ҳар икки давлатда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бунинг учун замон талаби даражасида шароит яратиш, амалий ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилди.

Вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида бир қатор янги ишлаб чиқариш корхоналаридаги иш жараёнлари билан танишилди.

Меҳмон Янги Наманган туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қуритишга ихтисослашган “Афруз-Камол-Наби” хусусий корхонаси ва Давлатобод туманидаги "Ideal tekstil Orzu" масъулияти чекланган жамияти  фаолиятини яқиндан ўрганди.

Шунингдек, элчи маслаҳатчисида “Aisha home” хорижий корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари катта қизиқиш уйғотди.

Шу боис, элчихона савдо вакили корхона бренди остида Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида йирик савдо маркази очиш таклифини айтди.

Навбатдаги манзил вилоят гулчиликни ривожлантириш маркази бўлди. Меҳмонлар бу ерда соҳани ривожлантириш борасидаги изланишлар, амалий ишлар натижаси билан яқиндан танишди.

Гулчилик борасидаги Наманган тажрибасини Тожикистонда кенг оммалаштириш бўйича қизиқиш билдирди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА