2021 йилда Афғонистон, Покистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонга қиймати 607,4 минг долларлик 33,8 минг тонна кўмир экспорт қилинган. Тожикистоннинг кўмир экспорти 2020 йил билан таққослаганда 10 баробарга ортган, чунки 2020 йилда атиги 3000 тонна кўмир хорижга сотилган эди. Тожикистон Республикаси ҳузуридаги экспорт бўйича Агентлик директори Шавкат Бобозода матбуот анжуманида журналистлар билан ушбу маълумотларни ўртоқлашди.
Агентлик директорининг қўшимча қилишича, ўтган йилда Тожикистон экспорти 2020 йилга нисбатан 52,8 фоизга ортган.
2021 йилда Тожикистон Республикаси 119 та мамлакат, жумладан, МДҲнинг 10 та давлати ҳамда 109 та бошқа хорижий давлатлар билан ташқи савдо муносабатларини ўрнатган. Ўтган йилда саноат экспорти 2 миллиард 17 миллион долларни ташкил этди. Бу аввалги йилга нисбатан 686,1 миллион долларга кўпдир. Саноат маҳсулотлари экспорти 2021 йилда асосан, қимматбаҳо тош ва металлар, руда ва концентратлар, алюминий, пахта толаси, цемент, калава иплар ва сурма эвазига амалга оширилгани айтилмоқда.
Ичимлик суви ҳам кейинги йилда экспорт маҳсулотлари рўйхатидан жой олган. Масалан, ўтган йилда Тожикистон 130 минг долларлик «Сиёма» салқин ичимлигини БАА, Ўзбекистон ва Афғонистонга экспорт қилган. Шунингдек, «Сиёма» маҳсулотининг бир нечта намуналари «Дубай-EXPO» халқаро кўргазмасида намойишга қўйилгани ҳам мамлакат экспортининг ривожланишига ҳисса қўшган.