French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тожик адабиёти кенгаши 2024 йилда қандай ишлади?
10:11 / 2025-02-05

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Тожик адабиёти кенгашининг 2024 йил фаолияти якунларига бағишланган йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ўтган йилда тожик тилида нашр этилган шеърий, насрий ҳамда публицистик асарлар ҳақида маърузалар ва муҳокамалар тингланди.   

Анжуманда эътироф этилганидек, сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида маънавий-маърифий ҳаётимизда қатор муваффақиятларга эришилди. Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган тожик ижодкорларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йил давомида 60 га яқин китоблар тожик тилида нашр этилди. Шундан 20 тадан ортиғи Тожик адабиёти кенгаши аъзоларининг ташаббуси ва муҳаррирлигида чоп қилинди.  

Тожик адабиёти кенгаши аъзолари 2024 йилда юртимизнинг адабий ҳаётида муҳим ўринга эга бўлган тадбирларда иштирок этди. Шунингдек, йил давомида адабий алоқаларнинг ривожланишига, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга бағишланган юртимиздаги турли илмий анжуманларга, адабий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва давра суҳбатларига ҳам фаол қатнашди.  

Жумладан, кенгаш аъзолари 10 дан ортиқ адабиёт ва маънавиятга бағишланган тадбирларда қатнашдилар. Тожик тилида ижод қиладиган адиблар асарлари муҳокама этилди. Ижод намуналари муносиб баҳоланган ижодкорлар уюшма аъзолигига тавсия қилинди.  

“Дурдонаи Шарқ” журнали билан ҳамкорликда замонавий тожик шоири Aбдулло Раҳмоннинг 70 йиллиги муносабати билан унинг байтига тазмин ёзиш танлови ўтказилди. Шунингдек, "Aбдулло Раҳмон - дўстлик куйчиси" номли Халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди ва шоир “Куллиёт”ининг биринчи жилди нашр этилди.  

Зуллисонайн шоир Ўлмас Жамолнинг 90 йиллиги тадбири ҳамда янги нашр этилган “Ўзим дунё аро дунё” китоби тақдимоти, Сўх туманида Муҳаммад Шодийнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашр этилган “Ояти сабз” (“Яшил оят”) асари тақдимотлари ўтказилди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим Фарҳод Исомиддинов таваллудининг 75 йиллиги нишонланди. Ўзбек шеърияти антологиясини тожик тилига таржима қилиш учун материаллар саралаб олиниб, таржима ишлари олиб борилмоқда. Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” асари таржимон Насиба Зайниддинова томонидан тожик тилига ўгирилиб, нашр этилди. “Дунёнинг ишлари” асари нашриётга топширилди.  

Ёш ижодкорларнинг республика Зомин семинарида қатнашган 85 нафар ёш шоир ва ёзувчи қаторида тожик тилида ижод қиладиган 3 нафар ёш қаламкашнинг машқлари “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” номли шеърий баёздан жой олгани қувонарли ҳол бўлди.  

Aдабий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида икки халқ ижодкорлари ўртасида учрашувлар ўтказилди.  

Ҳисобот йиғилишида ижодкорлар, талабалар, журналистлар ва адабиёт мухлислари иштирок этди.  

Йиғилиш якунида 2025 йилда янги режалар асосида ишлаш, адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА