Мамлакатимизда 15 октябрдан 15 ноябргача “Тозалик ва озодалик ойлиги”, деб эълон қилинган бўлиб, акция доирасида республика бўйлаб кенг кўламли тозалик ва ободончилик ишлари амалга оширилмоқда.
Ойликнинг дастлабки ўн беш кунида 19 мингдан зиёд санитар тозалаш хизмати ва ободонлаштириш соҳаси ходими иштирокида жами 32 099 маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 16 887 та жамоат жойида тозалик тадбирлари ўтказилди.
Жараёнда 28 937 та махсус чиқинди ташувчи ва юкловчи техника воситаси иштирок этди. Натижада республика ҳудуди бўйлаб 243 278 тонна чиқинди тозаланиб, қайта ишлашга ёки йўқ қилишга юборилди.
Шунингдек, белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Прокуратура, Ички ишлар бўлимлари, Миллий гвардия ҳамда Экологик давлат назорати инспекцияси ходимлари иштирокида назорат тадбирлари ташкил этилди. Улар томонидан 36 788 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилди.
[gallery-26045]
Тозалик тадбирларида давлат ташкилоти ва идораларининг 22 500 ходими фаоллик кўрсатди. Шунингдек, 10 дан ортиқ ҳамкор ташкилот ходимлари ва жамоатчилик вакиллари бу жараёнда иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасидаги ишлар йил якунига қадар жадал суръатларда давом этади. Мамлакатимиз ободлиги ва соғлом муҳитини таъминлаш мақсадида тозалик тадбирларида фаол иштирок этиш эса ҳар биримизнинг фуқаролик бурчларимиздандир.
Камола Юсупова, ЎзА