Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тозалик ойлиги изчил давом этмоқда
13:56 / 2025-11-04

Ён-атрофни тоза-озода сақлаш табиат мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 15 октябридан 15 ноябригача мамлакатимизда "Тозалик ва озодалик ойлиги" ўтказилмоқда. Шу муносабат билан жойларда бир қатор амалий тадбирлар, акциялар, плоггинглар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ва депутатлари ташаббуси билан ҳам барча ҳудудда тозалик тадбирлари ўтказилмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Ғалаба маҳалласида туман Кенгаши депутати Шаҳноза Умархўжаева ташаббуси билан "Тозалик ва озодалик остонадан бошланади!" шиори остида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, туман экология инспекцияси ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамда табиатга бефарқ бўлмаган фуқаролар иштирок этди.

Акция давомида ҳудуддаги кўп йиллик дарахтлар ости тозаланди, ариқ ва зовурлар қазилиб, йиғилган чиқиндилар белгиланган жойларга чиқариб ташланди. Шунингдек, фуқаролар билан мулоқот жараёнида маҳалла аҳолиси ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этаётгани таъкидланди.

Тадбир якунида "Яшил боғ яратайлик барқарор келажак сари!" шиори остида кўчат экиш акцияси ўтказилди. Унда ҳудуд иқлимига мос турли хил дарахт кўчатлари экилди.

Бу каби амалий тадбирлар маҳаллаларнинг ободлигини, саришталигини таъминлаш баробарида аҳолининг атроф-муҳитга эътиборли муносабатини шакллантириш, экологик маданиятни юксалтиришга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА