Юртимизда атроф-муҳитни ободонлаштириш, тозалаш, экологияга зарарли таъсир қиладиган ҳолатларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу тобора ёмонлашиб бораётган экологиямизни асраб-авайлаш, атмосфера мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда эътироф этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 15 октябридан 15 ноябригача мамлакатимизда “Тозалик ва озодалик ойлиги” ўтказилди. Ойлик доирасида барча ҳудудда қатор амалий тадбирлар, тозалик акциялари, плоггинглар ташкил этилди. Бу жараёнда барча ташкилот ва муассасалар вакиллари, волонтёрлар, экофаоллар, фуқаролар фаол иштирок этди.

Шунингдек, ойлик давомида аҳоли вакиллари билан қатор мулоқот ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларнинг экологик маданиятини юксалтиришга, ободонлаштириш ишларида фаоллигини оширишга қаратилган тушунтиришлар олиб борилди.

Ушбу акциялар давомида ҳудудлардаги кўп йиллик дарахтлар ости тозаланди, ариқ ва зовурлар қазилди. Йиғилиб қолган турли чиқиндилар тўпланиб, белгиланган жойларга чиқариб ташланди. Маълумотларга кўра, юртимиз бўйлаб ўтказилган “Тозалик ва озодалик” ойлиги доирасида ҳудудлар жами 422,4 минг тонна чиқиндидан тозаланиб, бартараф этилди. Жумладан, 95 минг 213 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудуди, шунингдек, 60 минг 631 та жамоат жойи тозаланди.
Ободонлаштириш ишларида санитар тозалаш хизмати ҳамда ободонлаштириш соҳасининг жами 368,8 минг нафар ходимлари иштирок этди. Бундан ташқари, жараёнларга 66 минг 291 та махсус чиқинди ташувчи ва юкловчи техника жалб қилинди.
Мазкур ой давомида прокуратура, ИИБ, Миллий гвардия ва Экологик давлат назорат инспекцияси ходимлари иштирокида жами 448 минг ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, тегишли тартибда чора кўрилди.
Таъкидлаш лозимки, бу каби тозалик ойликларининг ташкил этилиши, аввало, ҳудудлар ободлиги, атроф-муҳит тозалиги ҳамда аҳолининг экологик маданияти юксалиши ва экологияга нисбатан масъулияти ошишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА