“Тоза ҳудуд” ходими фирибгарликка қўл урди
Мажбурий ижро бюросининг Бағдод тумани бўлими томонидан “Тоза-ҳудуд” ДУК Бағдод филиалида Президентимизнинг 2018 йил 22 ноябрдаги фармони ижроси юзасидан текшириш ўтказилган.
Мажбурий ижро бюросининг Бағдод тумани бўлими томонидан “Тоза-ҳудуд” ДУК Бағдод филиалида Президентимизнинг 2018 йил 22 ноябрдаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан текшириш ўтказилган.
Аниқланишича, Бағдод “Тоза ҳудуд” ташкилоти ҳайдовчиси А.К. аҳолига кўрсатилган хизматлар учун истеъмолчилардан пул тушумларини ундириш ваколати бўлмагани ҳолда, 2019 йил июль-октябрь ойлари давомида жами 101 нафар фуқароларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, пулларни корхона ғазнасига кирим қилишини айтиб, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мўлжалланган тўлов квитанцияларига сохта ёзувлар киритиш йўли билан жами 5 млн. 720 минг сўм пулларни йиғиб олган.
Бу ҳам етмагандай аҳолидан олган пул маблағларини “Тоза ҳудуд” ташкилоти “CLEAN CITY” базасига кирим қилмасдан, ўзининг шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.К.га нисбатан МИБ Бағдод тумани бўлими томонидан 2019 йил 21 ноябрда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Бағдод тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов олиб борилмоқда.