Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоза сув – соғлом тана, тиниқ чеҳра манбаи
18:06 / 2026-01-06

Сурхондарё вилоятида ўтган йил 157 маҳалладаги 65 минг 396 нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. 203 маҳалладаги 484 минг 500 истеъмолчининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланди. Ёки вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 2024 йилги 65,3 фоиздан 67,5 фоизга етди.

Тоза сув – саломатлик манбаи. Болалигимизда боболаримиз бежиз истеъмол қилаётган оби-ҳаётингиз чучук, минералларга бой бўлса, чеҳрангиз тиниқ, танангиз тетик бўлади. Аксинча бўлса-чи? Буйрак ва ўтингингизда тош пайдо қилади. Жигарингиз яхши ишлашига таъсир этади. Юзингиз сўлғин, танангиз оғир бўлади. Оби-ҳаётнинг ҳам қадрига етиш керак, дейишмаган.

Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятини глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши билан сувга бўлган талаб ортиб бораётган, тириклик манбаимиз тақчиллашиб, шўрланаётган ҳозирги пайтда янада теран англаяпмиз. Оби-ҳаётнинг қадрига етиш, ундан ортиқча исроф қилмай фойдаланиш зарурлигини чуқур ҳис этяпмиз. 

Саломатлик манбаимиз тақчиллигини юмшатиш учун мамлакатимизда кейинги йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун Сурхон воҳасида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланиб, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тўпаланг сув омборидан олиб келинаётган минералларга бой ичимлик суви 500 га яқин маҳалладаги 1 миллион 700 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этади. Термиз туманидаги Сабзипоя маҳалласи ҳудудида қазилган артезиан қудуқлари тўлиқ ишга тушса, Термиз туманидаги 50 мингга яқин истеъмолчиларнинг ичимлик суви таъминотини яхшилади. Шунингдек, жойларда артезиан қудуғи қазилиб, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш, эскирган сув миноралари ва сув қувурларини янгилаб, истеъмолчиларга сифатли об-ҳаёт етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятдаги 724 та маҳалладан 73 таси тўлиқ ва 575 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган. 76 маҳалла аҳолиси муқобил манбалардан фойдаланмоқда. Воҳадаги йирик “Тўпаланг сув тозалаш иншооти” бир кеча-кундузда аҳолига 200 минг куб-метр, “Хўжаипок гуруҳли сув ишлаб чиқариш иншооти” 69 минг куб-метр ва Хўжамайхона табиий булоғи 29 минг куб-метр оби-ҳаёт етказиб бериш қувватига эга. 

– Ортда қолган йил Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида 21 та, шундан, йилдан-йилга ўтувчи 16 та, янгидан бошланувчи 5 та ичимлик суви ва оқова суви объектида янги қуриш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш белгиланган эди, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Ўроқали Диёров. – 231,2 километр ичимлик суви тармоғи барпо этиш, 1 минг 318 та аҳоли хонадонига сув ҳисоблагич ўрнатиш, 12,6 километр оқова сув тармоғи, 9 та ичимлик ва 1 та оқова сув иншоотида қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ўтган йил ана шу объектларнинг 15 таси фойдаланишга топширилди. Тўрттасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Қолган иккитасида қурилиш ишлари шу йил бошланади.

Инсон қадрини улуғлаб, аҳолини минералларга сероб, тоза сув билан таъминлаш, соғлом авлодни камолга етказиш юзасидан амалга оширилаётган бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг учун катта маблағ сарфланиб, бунёдкорлар қишин-ёзин тер тўкиб, меҳнат қилмоқда. Хусусан, воҳада ўтган йил аҳолининг тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун қарийб 694 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 216,7 километр қувур ётқизилди. 12,3 километр оқова сув тармоғи тортилди. 8 та ичимлик ҳамда 1 та оқова сув иншооти қурилди. 1 минг 318 хонадонга сув ҳисоблагич ускунаси ўрнатилди. 

Сувсозларнинг айтишича, йил давомида давлат дастурлари, маҳаллий бюджет, “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 484,2 километр ичимлик сув тармоғи қурилди. 54,5 километртармоқ ва 176 та сув насоси профилактик кўрикдан ўтказилиб жорий ва мукаммал таъмирланди. Ичимлик суви иншоотларига 83 та энерготежамкор насос ўрнатилди. Кўчадаги сув жўмракларидан фойдаланадиган 10 минг 920 истеъмолчининг ичимлик суви тармоғи хонадонига киритилди, 38 минг 473 истеъмолчига сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатиб берилди. Оқова сув қувурларининг эксплуатация муддатини ошириш бўйича ҳам катта ҳажмдаги иш бажарилди. 

Вилоятда ажратилган барча маблағлар ҳисобидан 157 маҳалладаги 65 минг 396 нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 203 маҳалладаги 484 минг 500 истеъмолчининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси йил бошидаги 65,3 фоиздан 67,5 фоизга етказилди.

Якунланган йил “To’palang HPD Platinum” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари 1 миллиард 913 миллион сўмликдан ортиқ қурилиш-монтаж ишларини бажариб, “Тўпаланг сув омбори”нинг минералларга бой зилол сувини Термиз шаҳри аҳолисига ҳам етказиб берди. 20 та маҳаллада яшовчи 113 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланди.

Мега лойиҳанинг дастлабки босқичида Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларининг 35 та маҳалласида яшовчи қарийб 135 минг истеъмолчи тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, ўтган йил иккинчи босқичида, шунингдек, Олтинсой туманидаги 16 та маҳаллада истиқомат қиладиган 44 минг ва Бандихон туманидаги 17 маҳаллада яшовчи 42 минг 400 дан ортиқ аҳоли минералларга бой оби-ҳаётдан баҳраманд бўла бошлади. Тўпаланг асосий магистрал тармоғидан 200 метр қўшимча тармоқ тортилиб, “Хўжаипок” магистрал тармоғига улаш орқали Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор ва Музработ туманларининг 69 маҳалласидаги 193 минг кишининг ичимлик суви таъминоти тубдан ўзгарди.

Янги йилда мега лойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, Жарқўрғон ва Термиз туманларидаги истеъмолчилари ҳам табиий минералларга бой оби-ҳаёт билан таъминланади. “Сурхондарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти сувсозлари ичимлик суви иншоотларининг эксплуатацион муддатини узайтириш учун режадаги сув сақлаш ҳовузларини, сув минораларини ювиб, тозалайди. Янги артезиан қудуқлар қазиш, суви чўкиб, таркиби ўзгарган сув қудуқларини тубдан таъмирлаш, янги қувурлар тортиш эвазига аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси янада оширилади. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири