Сирдарё вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи бугун энг устувор ижтимоий вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки тоза сув — фақат инфратузилма масаласи эмас, балки инсон саломатлиги ва ҳаёт сифати кафолатидир.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу масала алоҳида эътиборга олинган. Давлат раҳбари ташаббуслари асосида олиб борилган ислоҳотлар натижасида шаҳар ва қишлоқларда ичимлик суви сифати ва марказлашганлик даражаси сезиларли ошди. Агар 2016 йилда бу кўрсаткич 63 фоизни ташкил этган бўлса, бугун эса 88,4 фоизга етди. Демак, 800 мингдан ортиқ аҳоли марказлашган тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

– Сирдарё, Сайхунобод, Гулистон туманлари ва Янгиер шаҳрида аҳолининг ичимлик ва оқова сув билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 11,4 километр ичимлик сув ва 43,4 километр оқова сув тармоқлари тортилди, – дейди Сирдарё “Сув таъминоти” АЖ директори ўринбосари Сардор Жуманазаров.

2025 йил давомида вилоятда 154,4 километр ичимлик суви ва 66,9 километр оқова сув тармоқлари қурилди, 87 та сув иншооти барпо этилди. Гулистон шаҳрида эса замонавий горизонтал бурғилаш технологиялари жорий этилди, натижада 64 километр сув тармоғи ер остида, асфальт ва йўлакларга зарар етказмасдан тортилди.

— Бу усул вақт, маблағ ва ишчи кучини тежайди, — дейди муҳандис Шаҳзод Умаров.
Гулистон шаҳрида олиб борилган ишлар аҳоли турмушида сезиларли ўзгариш яратди. Янги сув иншоотлари ва тақсимлаш камералари қурилди, 2,1 минг хонадонга замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилди. Натижада 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи 72 минг нафар аҳоли 24 соатлик узлуксиз сув билан таъминланди.

– Давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдираман, – дейди меҳнат фахрийси Қудрат Турдиев. – Илгари сув ташиш жуда қийин эди, бугун эса ҳар бир хонадон узлуксиз ичимлик сувига эга.
Мирзаобод туманининг Наврўз маҳалласида 20–25 йилдан бери сув масаласи ҳал қилинмаган эди. 2025 йил якунида маҳаллада 16,8 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди, 6 та тик қудуқ қазилди, 900 та сув ҳисоблагич ўрнатилди.
– Бу ишлар аҳоли кундалик ҳаётида катта енгиллик яратди, – дейди Сирдарё “Сув таъминоти” АЖ матбуот хизмати раҳбари Бобур Долиев.
Бугунги кунга келиб, нафақат шаҳар, балки чекка қишлоқларда ҳам ҳар бир хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Янги қувурлар ва насос станциялари аҳоли турмушида сифат ва қулайлик яратиш билан бир қаторда саломатлик ва фаровонликка хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири