Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда
16:49 / 2025-12-03

Қарор ва ижро

Президентимизнинг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки” ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Бухоро вилоятида хайрли ишлар рўёбга чиқмоқда.

Жорий йил ёз ойларида вилоят миқёсида “Ислом тараққиёт банки” ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида 33 та мактабгача таълим ташкилотида, 40 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, баркамол авлод вакиллари таълим-тарбияси учун муносиб шарт-шароит яратилди. 

Жумладан, Когон тумани, Наврўз маҳалласида 90 ўринга мўлжалланган замонавий мактабгача таълим муассасаси қуриб битказилиб, ўтган ойда фойдаланишга топширилди. Иншоот қурилиши пудратчи “Ғиждувон Ғовшун махсус қурилиш-монтаж” МЧЖнинг моҳир бинокорлари томонидан амалга оширилиб, бу лойиҳага умумий қиймати 4 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. 

“Ислом тараққиёт банки” ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида Когон тумани аҳолиси сифатли ва тоза ичимлик суви билан ҳам таъминланмоқда. Хусусан, туманнинг “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида 21 минг метр, Янги ҳаёт маҳалласида 28 минг метр, Беклар маҳалласида 12 минг метр, Мустақиллик маҳалласида 45 минг метр, Сараён маҳалласида 18 минг метр, Чолоки маҳалласида 25 минг метр, Когон маҳалласида 8 минг метр масофага ичимлик сув тармоғи тортилмоқда.

Умумий узунлиги 157 километрни ташкил этган мазкур ичимлик суви тармоғини талаб даражасида қуриш мажбуриятини эса пудратчи “Бакен қурилиш евро плюс” ҳамда “Когон қурилиш монтаж таъмир” МЧЖ қурувчи-мутахассислари ўз зиммасига олган. 

Таъкидлаш жоиз, бу кенг кўламдаги лойиҳа яқин ойларда тўла-тўкис якунига етказилгач, тумандаги ўнлаб хонадон тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминланади ҳамда аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш имконияти яратилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.