Жорий йилнинг 10 апрелидан 10 майгача ўтказилган “Тоза ҳаво” ойлиги доирасида марказий кўчаларда кўчма постлар ташкил этилиб, автомобиллар чиқараётган зарарли газлар миқдори кўрикдан ўтказилган эди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева иштирокидаги брифингда мазкур ойлик доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.
Қайд этилишича, Табиат ресурслари, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаларининг экологик ҳолати юзасидан давлат экологик назоратини олиб бориш мақсадида республика миқёсида “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичи ўтказилди. Мазкур тадбир доирасида 43 та йўл-патруль хизмати масканида муқим кўрик нуқталари, шунингдек, вилоят ва шаҳарлар марказий кўчаларида кўчма нуқталар ташкил этилди. Бу жойларга 271 нафар ходим жалб этилиб, уларнинг барчаси зарур техник ускуналар билан таъминланди.
“Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичида республика бўйича жами 161 минг 537 та автотранспорт воситаси қамраб олинди. Шундан 153 минг 761 таси токциклик даражаси, 7 минг 776 таси эса тутун қалинлиги бўйича текширувдан ўтказилди. Текширувлар давомида автотранспорт воситаларининг 4 минг 326 таси, яъни 2,7 фоизида ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори ўрнатилган меъёрлардан юқори эканлиги аниқланди. Тошкент шаҳрида 11078 та автотранспорт воситаси текширилиб, уларнинг 2,7 фоизида атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори меъёрдан ортиқ эканлиги аниқланди.
Ойлик давомида автотранспорт воситаларининг ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори ўрнатилган меъёрлардан юқорилик даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайгани кузатилди. Лекин, шу билан бирга, текширилган транспорт воситаларидан қарийб 4 минг 326 та носозлик ҳолати аниқланиб, бунинг оқибатида атмосферага зарарли газлар белгиланган меъёрлардан ортиқ ташлангани маълум бўлди.
Тадбир давомида ишлатилган газларда ифлослантирувчи моддалар давлат стандартларининг белгиланган нормаларини қўпол равишда бузган 1 минг 549 та автотранспорт ҳайдовчисига нисбатан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан 246 минг 225 минг сўм жарима чоралари қўлланилди ҳамда 1 минг 525 тасининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатиб қўйилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу ойлик Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 16-, 17- ва 28-моддалари ҳамда “Экологик назорат тўғрисида»ги қонунининг 11-моддаси ижросидан келиб чиқиб белгиланган тартибда ташкил этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА