Тоза ҳаво - узоқ умр гарови
Ана шундай шиор остида 1996 йилдан буён фаолият кўрсатаётган “Жиҳозвент“ МЧЖ маҳсулотлари мингга яқин корхоналар сафида Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси намойишида иштирок этмоқда.
Ана шундай шиор остида 1996 йилдан буён фаолият кўрсатаётган “Жиҳозвент“ МЧЖ маҳсулотлари мингга яқин корхоналар сафида Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси намойишида иштирок этмоқда.
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган ушбу корхона ҳавони тозалайдиган, шунингдек, иситиш, совутиш ва намлаш ускуналарини ишлаб чиқаради. Бу маҳсулотлар саноат корхоналари, фирмалар, офислар, шифохоналар учун мўлжалланган.
МЧЖнинг маркетинг бўлими мутахассиси Жаҳонгир Чориевнинг маълум қилишича, мазкур корхона шу йўналишдаги йирик ишлаб чиқарувчилардан биридир. Ҳозир бу ерда 150 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, корхонанинг янги биноси ишга туширилгач, яна қўшимча 150 иш ўрни яратилади. Айни чоғда янги бинонинг қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
-Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида 100 дан ошиқ турдаги маҳсулотларимизни иштирокчилар эътиборига ҳавола этдик,- деди биз билан суҳбатда Ж.Чориев. - Албатта, бу биз учун катта имконият. Негаки, ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи бир майдонда мулоқот қилиш, янгиликлар билан танишишга муяссар бўлмоқда. Биз ҳам тадбирда тўғридан-тўғри шартнома тузишга ва мижозлар билан ишлашга эришдик. Ушбу Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуининг тўртта павильонида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолияти билан танишиб, очиғи, ғурурландим. Чунки бу давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқарувчиларга яратилаётган катта қулайликлар самарасидир.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси Иқтисодиёт ва саноат, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Айрим талаб ва таклифларга биноан ушбу нуфузли миллий тадбир ўз ишини яна давом эттиради.