French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тоза асал қандай етиштирилади?
15:37 / 2023-05-10

Асал ҳақида гап бошланса, кўпчиликни “тоза асалнинг сифатини қандай аниқласа бўлади?” деган савол қизиқтиради.

Мутахассислар бу борада турлича, мисол учун “бунинг учун қадимдан турли усуллар қўлланилган. Масалан, асал қошиқдан узилмай чўзилиб оқса ёки оловга тутилганида ёнса, сифатли ҳисобланган” дея келтирса, яна бири оғир асал-тоза бўлади, деган фикрни билдиради.  

Манбаларда бунинг янада осонроқ усули келтирилади. Мисол учун, харид қилишдан олдин бир томчи асалга кимёвий қалам суртиб кўрилганда томчида мовий-бинафша ранг пайдо бўлмаса, демак, у ҳақиқий асал ҳисобланади. Тоза асалнинг шифобахш хусусиятларини сақлаш учун қалай, темир, тунука, мис идишларда эмас, балки, рангли ва шиша идишлар, шунингдек, оғзи маҳкам ёпиладиган чинни, сопол буюмларда сақлаш лозим.  

Бундан ташқари, қуёш нури ва иситиш мосламаларидан узоқроқда сақлаган маъқул. Ҳа, дунёда мўъжизалар кўп. Асаларичилик ҳам табиатнинг етти хазинасидан биридир. Хазиналар эса доимо одамзодга фойдали ва бардавом бўлиши билан аҳамиятлидир. Мамлакатимизда ҳам асаларичилик соҳасига қаратилаётган эътибор сабабли бир қатор натижаларга эришилмоқда. Ҳозирги кунда ариларнинг дунё бўйича йигирма мингга яқин турлари мавжуд. Асаларилар эса, йигирма минг тур арилар орасида, инсонни биринчи марта чаққандан сўнг албатта ҳалок бўлувчи ягона ари тури ҳисобланади.  

Сердаромад ва жуда фойдали бу тармоқни бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, илғор тажрибаларни барча ҳудудларга татбиқ этишда Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрда қабул қилинган “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга мувофиқ асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни барча ҳудудларда татбиқ этиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  

Ўзбекистон ҳудудларида “Ўрта рус ариси”, “Қўнғир Кавказ тоғ ариси”, “Сариқ Кавказ ариси”, “Карпат” ариси, “Украина чўл ариси” ва бошқа жойдан келтирилган арилардан “Италия ариси” ҳамда Югославиядан келтирилган “Краинка” ари зотлари кенг тарқалган. “Карпат” зоти Ўзбекистон иқлим шароитига мос ари зоти бўлгани учун бир аср давомида Ўзбекистон вилоят ва туманларида кўпайтирилмоқда. Ҳозирда Бухоро вилоятида 132 та маҳалладаги 450 та хонадонда 25 100 қути асалари парваришламоқда. Аҳоли орасида тарғибот тушунтириш ишларининг кучайтирилгани, тажрибали асаларичилар фаолияти ва иш тажрибаси оммалаштирилаётгани туфайли тармоқни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.  

Шу боис Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан бу борада аниқ чора-тадбир олиб борилмоқда. Куни кеча Бухоро вилоятида ўтказилган хонадонларда асаларичиликни ривожлантириш бўйича тушунтириш ишларида бу борада тушунтиришлар олиб борилди. Хусусан, асаларичиликнинг инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, халқ табобатидаги ўрни баробарида, қишлоқ хўжалигида ҳосил етиштиришдаги, ўсимликларни табиий чанглатишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс саналади.  

Мисол учун, биргина ғўза ўсимлиги асаларилар билан чанглатилса, ҳосилдорлик 25 фоизгача ортиши, кўсак сони 12-13 фоизга кўпайиши илмий жиҳатдан исботланган.  

— Жорий йил бухоролик пахтакорлар 96 минг 220 гектар майдонга чигит экиб, ўтган йилгиданда салмоқли “оқ олтин” хирмони барпо этиш тараддудида қизғин меҳнат қилмоқдалар. Бу жараёнда вилоятдаги 11 та пахта-тўқимачилик кластери туманлардаги 3 минг 38 та фермер хўжалиги билан саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштиришга доир шартномалар тузилди, — дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари кенгаши раиси Хуршид Болтаев. — Шу боис, айни кунда фермер хўжаликлари дала майдонлари четларида асал уяларини парваришлаш, ўсимликлар вегетацияси учун муҳим чанглатиш жараёнини сифатли олиб бориш юзасидан зарур саъй-ҳаракат олиб борилмоқда.  

Биргина Қоровулбозор туманида ўтган ойда чўл ҳудудидаги 148 та фермер хўжалиги дала майдони атрофида 2 минг 960 та асалари оиласи парваришланди. Жумладан, Навбаҳор ҳудудидаги “Ҳайдар полвон”, “Бой Жомбой” фермер хўжаликлари далаларига 60 та асалари уяси, Бўзачи ҳудудидаги “Замир Амон”, “Ахтам Даврон” фермер хўжаликлари далаларига 50 та асалари уяси, “Зарафшон-Нурафшон”, “Ваҳоб Темиров” фермер хўжаликлари дала атрофларига 90 та оилада асалари уяси кўчириб чиқариб, жойлаштирилгани ўсимликларни чанглатиш ва мавсум якунида ердан баракали ҳосил олиш гаровидир. Ҳозирда туман бўйича 1 минг 87 та асалари оиласи дала атрофида парваришланди. Асаларичиликни тараққий эттиришдаги замонавий ёндашув ва унинг самараларини пешкўлик миришкор асаларичи Истам Қулжонов фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўтган йили оиласи билан парваришлаётган асалари оиласи сонини 300 тага етказгани ҳолда икки мавсум якунида улардан 10 тоннадан ошириб ҳосил олди.  

Нилуфар Бозорова, ЎзА