Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Элчиси Тойво Клаар Тошкентда ўтаётган VIII Марказий Осиё экспертлари форумида сўзга чиқиб, минтақамиз кучли ҳудуд яратиш учун умумий ёндашув ва кун тартибини шакллантириш йўлида дадил одимлаётганини эътироф этди.
Унинг таъкидлашича, «янги ғояларни илгари суриш, имкониятлар яратиш учун экспертлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарур. Айни жараёнда умумий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш учун бошқа минтақалардаги мамлакатлар тадқиқотчилари ва мутахассисларининг иштироки алоҳида аҳамият касб этади».
Марказий Осиёнинг минтақалашуви муҳим масала эканига урғу бериб, ЕИ вакили ҳудудимизда кооперацияни ривожлантириш шарт-шароитларига тўхталди:
– Марказий Осиё мамлакатлари умумий тарих, қадриятлар, бой ва ранг-баранг маданий мерос ва шу билан бирга иқлим ўзгариши, денгизга чиқиш йўли билан боғлиқ ўхшаш муаммоларга эга. Бу омилларнинг бари умумминтақавий ёндашувлар шакллантириш заруратини юзага чиқаради. Демак, ишончим комилки, шерикликни чуқурлаштириш минтақавий мувозанат ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Умумий ноёб тарих ва амалдаги юксак салоҳиятга эга минтақа давлатларининг овози ҳудудда ҳамкорлик қанчалик мустаҳкамланса, шунчалик кучайиб бораверади.
Минтақавий алоқалар келажаги хусусида сўз юритаркан, Тойво Клаар “Марказий Осиё бир-бири суверенитетига нисбатан ўзаро ҳурматни ҳисобга олган ҳолда, умумминтақавий манфаатларни илгари суриш назарда тутиладиган ўзига хос минтақалашув моделига эга”лигини қайд этди.
Ғ.Хонназаров ёзиб олди.
ЎзА