“ICTWEEK-2022” ҳафталиги доирасида ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги Глобал стратегиялар бюроси бош директори ўринбосари Юкио Терамура ҳамда “Toyota Tsusho Corporation”, “NEC” ва “IIJ” компаниялари вакиллари билан учрашди.
Мулоқот давомида шериклик доирасида амалга оширилган ишлар, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ҳамда соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

“Toyota Tsusho Corporation” ҳамда “Ўзбектелеком” АК ўртасида умумий қиймати 150 миллион долларлик шартнома имзоланди. Мазкур лойиҳа ҳар икки томон учун муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Келгусида нафақат телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, балки бугунги кунда долзарб бўлган, янги ишчи ўринлари яратишни кўзда тутувчи IT хизмати аутсорсинги – BPO хизматини ривожлантириш йўналишида япон компаниялари билан алоқани кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга япон томони Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантиришга янги технологияларни жорий этиш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ҳам шерикликка тайёрлигини маълум қилди.
ЎзА