Тойлоқ тумани Чароғбон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида барпо этилаётган 16 қаватли кўп қаватли тураржой биноси вибродинамик ускуна ёрдамида зилзилабардошлик синовидан ўтказилди.
Дастлаб бино ҳолати ўрганилиб, конструктив элементлар текширилди ва махсус ускуналар ўрнатилди. Шундан сўнг зилзилавий таъсирни сунъий равишда ҳосил қилиш ишлари бошланди. Синов жараёнида бино конструкцияларига 8 балли зилзилага мослаштирилган тебраниш берилди. Бу эса иншоотнинг сейсмик барқарорлигини реал шароитга яқин ҳолатда баҳолаш имконини яратди.

– Президентимизнинг 2024 йил 17 апрелдаги “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган синов махсус вибродинамик ускуна ёрдамида ўтказилиб, жараёнга малакали мутахассислар жалб этилди, – дейди Самарқанд вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспексияси қурилиш-синов лабораторияси ва бино-иншоотларнинг техник ҳолатини ўрганиш бўлими бошлиғи Лазизжон Узоқов. – Маълумотларга кўра, Тойлоқ тумани сейсмик нуқтаи назардан 7 балгача зилзила кузатилиши мумкин бўлган ҳудуд ҳисобланади. Лекин синовни ўтказиш бўйича белгиланган талабларга мувофиқ, бу ерда қурилаётган кўп қаватли бинолар бир балл юқори, яъни 8 балли зилзилага бардошлилиги синовдан ўтказилмоқда. Бунда бино жойлашган ернинг тупроқ зичлигидан бошлаб, пойдевори ва зилзилабардош замонавий қурилмалари, фойдаланилган қурилиш материаллари сифати ўрганилмоқда.
Синов жараёнида мутахассислар барча жараёнларни махсус жиҳозлар орқали назорат қилиб борди. Бинонинг реакцияси, конструкцияларнинг ҳаракати ва барқарорлиги босқичма-босқич қайд этилди.

– Мазкур 16 қаватли бинони синовдан ўтказиш жараёни қарийб икки ой давом этди ва кейинги ўн кунда якуний босқичга кирди, – дейди Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети бино ва иншоотларни сейсмик тадқиқ қилиш илмий-текшириш лабораторияси мудири Бекмурод Каримов. – Бу жараёнда бизга қурилиш компанияси зарур шарт-шароит яратиб берди ва уларнинг ўзи бинонинг зилзилабардошлигини аниқлаш ташаббусини илгари сурган эди. Синов давомида энг сўнгги технологиялардан фойдаландик, бинонинг барча қаватларига зарур ускуналар ўрнатилиб, эндиликда уларда қайд этилган маълумотлар асосида натижаларни таҳлил қиламиз. Синовнинг бирламчи натижалари 20 кунда, якуний хулосалар 2 ой ичида маълум қилинади. Жорий йилда республикамизнинг бошқа ҳудудларида қурилаётган кўп қаватли биноларда ҳам шундай синовларни ўтказиш режалаштирилган.
Синов ишлари уч босқичда амалга оширилиб, дастлабки визуал хулосаларга кўра, бино зилзилавий таъсирларга нисбатан барқарор ҳолатда экани қайд этилди. Ҳозир умумий олинган натижалар мутахассислар томонидан қайта ишлаш ва умумлаштирган ҳолда якуний хулоса чиқариш жараёнида.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири