Кеча, 24 сентябрь куни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманидаги спорт мажмуасида 2010 йил ва ундан кичик йилларда туғилган ўғил ва қизлар ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бошланди.
Ўзбекистон кубогининг очилиш маросимида спортни ривожлантириш вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Самарқанд вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев ҳамда Тойлоқ туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этиб, ёш волейболчиларга мусобақаларда омад тилади.
Айтиш лозим, волейбол ривожига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида кейинги йилларда юртимизда волейбол бўйича катталар ўртасидаги мусобақалар билан, ёш ўсмирлар орасида ҳам турли мусобақалар ташкил этилмоқда.

Ўғил-қизларни ҳар томонлама баркамол авлод қилиб тарбиялаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, спортга бўлган қизиқишларини янада орттириш ва маҳоратларини ошириш мақсадида Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан ўтказилаётган мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоятлардан жамоалар қатнашмоқда.
Бу галги Ўзбекистон кубогининг ўғил болалар ўртасидаги мусобақаларида 11 та жамоа, қиз болалар ўртасида 9 та жамоа гуруҳларга бўлинган ҳолда баҳс олиб бормоқда.
Мусобақалар 29 сентябрига қадар давом этади.
Т.Рўзиев,ЎзА