Жиззах вилоятининг Зомин туманида “Юзма-юз мулоқот” ҳафталиги доирасида “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштиришда давлат ва жамоат ташкилотларининг роли” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Унда Зомин туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими ва унинг туман бўлинмаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари иштирок этишди.

Семинарда оилавий қадриятларни асраш, миллий урф-одатларимизга хос камтарлик ва тежамкорликни юртдошларимиз онгига сингдириш, шунингдек замонавий талабларга мос, мазмунан бой тўй ва маросимларни ўтказиш масалалари муҳокама этилди.

– Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йилнинг 16 сентябрида чиқарилган қарор нафақат озиқ-овқат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш, балки исрофгарчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши жамиятда онгли муносабатни шакллантиришга қаратилган муҳим ҳужжатдир. Биз бу борада аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз, тўйларимизда маънавий мазмун, самимият ва миллий қадриятларимиз устувор бўлишига ҳаракат қилишимиз зарур. – деди Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими раҳбари Иқболой Умарова.

Семинар иштирокчилари таъкидлаганидек, ҳар бир тўй – нафақат қувончли воқеа, балки ижтимоий маданиятнинг кўзгусидир. Ортиқча дабдаба ва исрофгарчилик эмас, балки аҳиллик, маънавият ва самимият тўйнинг ҳақиқий мазмун ва файзини белгилайди.

Ўқув-семинар якунида тарғибот ишларини янада кучайтириш, аҳолининг ижтимоий онгини ошириш ва исрофгарчиликка қарши тизимли курашиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари