Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Umid oil Vobkent parranda” МЧЖ фаолияти йилдан йилга кенгаймоқда. Бу ерда сифатли ва тўйимли перҳезбоп гўшт – бройлер жўжалари боқилмоқда.
– Айни пайтда 80 сотих майдонни эгаллаган паррандачилик корхонамизда 2 та павильон қурилди, –дейди “Umid oil Vobkent parranda” МЧЖ раиси Миршод Ўринов. – Бу ерда 20 минг 500 бош бройлер йўналишидаги жўжа боқилмоқда. “Микрокредитбанк” нинг туман филиалидан олинган 1 миллиард 500 миллион сўм кредит маблағи бройлер жўжа ва уларга озуқа олишга йўналтирилди. Ҳозирда жўжаларнинг ҳаво ҳарорати ва намлиги мақбул меъёрда сақланиб, сув ва озуқа билан автоматик таъминлаш механизми қўлланилмоқда. Натижада, жамоамиз билан бир йилда 100 минг бошгача экология ва санитария талабларига жавоб берадиган товуқ парваришламоқдамиз.

Парранда павильонларида улар рационидаги ем-хашак, зарур дармондори, минералларнинг табиий манбалари тайёрланган. Биологик ҳимоя қилишнинг ишончли тизими яратилган. Товуқ боқишнинг ўзига яраша қийинчилиги ҳам бор. Ёз жазирамасида товуқхона, яъни павильонларда ҳароратни барқарор сақлаш, совуқ ва серёғин кунларда ҳам товуқхона ҳароратини 25 даражадан туширмаслик керак. Қолаверса, ҳар 10 кунда эмлаш тадбирини ўтказиш, махсус минераллар билан бойитилган комби-корми ва зарур озуқани саралаб олиш талаб этилади.
“Umid oil Vobkent parranda” МЧЖ ёрлиғи билан етиштирилаётган парҳезбоп гўшт маҳсулоти буюртмачилар, бозор ва савдо дўконларига пешма пеш етказиб берилмоқда.

Эътиборли томони корхона атрофида, Ҳажувон маҳалласида ҳам бройлер йўналишида жўжа боқиш, ҳалол меҳнати орқасидан ҳар 40-45 кунда мўмай даромадга эга бўлиш ҳаракатидаги хонадонлар сони кўпаймоқда. Корхона мутасаддиларининг таъкидлашича, ички имкониятларни кенгайтириш ҳисобидан келгуси ойларда яна иккита павильон барпо этилади. Бу парранда боқиш ва бройлер гўшт етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш баробарида ўнлаб янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Зариф Комилов,
ЎзА