“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда товламачилик, қимор ва таваккалчилик ўйинларини ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар фош этилди.
Хусусан, жорий йил ноябрь ойида Чирчиқ шаҳрида икки нафар шахс фуқаро(Р.Ҳ.)га ўзларини ИИО ходими сифатида таништириб, уни жиноятда айблаш ҳамда иш жойига хабар бериш билан қўрқитиб, яшаш хонадонига бостириб кирган ва ундан пул талаб қилган. Улар жабрланувчидан банк картаси орқали дастлаб 2,5 миллион сўм ва мобил телефонини олиб, кейинчалик уни қайтариш эвазига 200 АҚШ доллари олган. Шундан сўнг телефонидаги шахсий видеоларни тарқатиш билан таҳдид қилиб, яна 20 миллион сўм талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида, 2003 йили туғилган икки шахс (Б.Ш. ва М.У.) жабрланувчидан олдиндан келишилган 10 миллион сўмни олаётган вақтида ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси вилоят бошқармаси ҳамда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Суриштирув давомида уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга алоқаси йўқлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида Юқори Чирчиқ туманида пул тикиш асосида “хўроз уриштириш” ўйинларини ташкил этган шахслар аниқланди. Мазкур воқеа жойидан 9 дона жангари хўроз, пул маблағлари ва электрон таймер ашёвий далил сифатида олинди.
Ўйинга пул тиккан 130 нафар шахсга маъмурий чора кўрилган бўлса, ўйинларни ташкил этган уч нафар шахсга нисбатан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда “қамоқ”қа олинди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш етти йилгача, товламачилик жинояти содир қилганлар эса 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўналишидаги тезкор тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.