Давлатимиз чегараларида куну тун хизмат олиб бораётган божхоначилар томонидан инсон саломатлиги ва ҳаётига рахна солувчи ҳамда хавфлилик даражаси юқори бўлган, сифати кафолатланмаган товарларнинг республика ҳудудига ноқонуний кириб келишининг олди олинмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довуд ота” чегара божхона пости орқали республикага кириб келган “Mercedes Benz” русумли автотранспорт воситаси постнинг инспекцион кўрик мажмуаси тасвирлари таҳлили натижасида шубҳага олинган жойлари божхона кўздан кечирувидан ўтказилганида, умумий қиймати 94, 4 миллион сўмлик косметика соҳасида фойдаланиладиган ҳар хил дори воситаси ва 1 дона “Лазмик” номли тиббий лазер аппаратини ҳеч қандай ҳужжатларсиз Россиядан Ўзбекистонга олиб келаётганлиги аниқланди.
Яна бир ҳолатда ушбу постга Қозоғистон Республикаси орқали пиёда кириб келган фуқаро қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, қиймати 71,2 миллион сўмлик, 38 турдаги 313 дона стоматология асбоб-ускуналари ва ашёларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз Россиядан мамлакатимизга олиб келаётганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ушбу иккита ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.