Миллий матбуот марказида «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» АЖ (ЎзРТХБ) томонидан “Электрон тижорат соҳасида амалга оширилган янги лойиҳалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда биржа томонидан жорий йил электрон тижорат соҳасида татбиқ этилган янги хизмат ва ишланмалар тўғрисида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароит ва чекловларга қарамасдан 2020 йилнинг 10 ойида биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,4 фоизга ўсиб, 43,2 триллион сўмни ташкил этди. Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 87 фоизи биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, жумладан, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келган.
Биржада электрон ҳужжат айланмаси бўйича exdoc.uz янги хизмат тури ишлаб чиқилди ва ишга туширилди. Электрон ҳисоб-фактура хизматидан нафақат биржа савдо иштирокчилари, балки бошқа корхона ва ташкилотлар ҳам фойдаланишлари мумкин.
10 ойда avtoraqam.uzex.uz веб сайтида онлайн-аукционлар орқали 218,8 миллиард сўмлик 80,5 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди, – деди ЎзРТХБ бошқарув раисининг IT ва инновациялар бўйича биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов. – Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,6 маротабага, ҳажми бўйича 71,2 фоизга ўсди. Шунга кўра, тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,6 миллион сўмни ташкил этган. Бунда, сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси 450,5 минг сўмни, энг қиммати эса 186,2 миллион сўмни ташкил қилди.
Яқинда “Avtoraqam” мобиль иловаси янги кўринишда ишга туширилиб, унга савдо иштирокчисини онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш ва авторақам бўйича тўловларни амалга ошириш функциялари қўшилди. Киритилган янгиликлар фойдаланувчилар учун мобиль илова ёрдамида биржанинг авторақам онлайн-аукционларида эркин иштирок этиш имкониятини тўла тақдим этади.
Шу билан бирга, жорий йилда биржа "Mobiuz" ва "Beeline" уяли алоқа операторлари билан талаб юқори бўлган мобиль рақамларни биржанинг mobilraqam.uzex.uz веб сайти орқали сотиш бўйича келишувларни имзолади.
Биржа хизматлари сифатини яхшилаш, мижозлар билан самарали мулоқотни ўрнатиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида тўғридан-тўғри биржа раҳбари билан боғланиш бўйича @UzexMarkazBot ва муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилиш учун @UZEXfeedbackbot Telegram-ботлари ҳам ишлаб турибди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупция ҳолатлари билан тўқнашганлиги юзасидан аноним хабарларни юбориш имконини берувчи @uzexanticorruptionbot аноним Telegram-боти ҳам ишга туширилди. Бу эса мамлакатимизда коррупция холатларини олдини олишда керакли имкониятларни яратмоқда.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА